Солиқларни ўз вақтида тўламаслик айб эмасми?

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Одамлар солиқ тўлаш учун соатлаб навбат кутмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мазкур мақолада Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясида солиқ тўлаш учун узундан-узун навбатлар ҳосил бўлаётгани иддао қилиниб, “Технология ривожланган даврда одамларнинг солиқ тўлаш учун эртадан кечгача навбат кутиши айб эмасми?” деган савол илгари сурилган.

Хўш, Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясида солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш борасида қандай шароитлар яратилган?

– Бугунги кунда Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясида АТИБ "Ипотека-банк"нинг 4-сонли, АКБК "Турон банк"нинг 1-сонли ва АТИБ “Микрокредитбанк”нинг махсус кассалари фуқаролардан солиқ тўловларини қабул қилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Лочин Расулов. – Бир кунда ўртача 300 нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга сифатли хизмат кўрсатилаётганини таъкидлаш лозим.

Бугунги кунда бевосита 29 нафар мутахассис аҳолининг солиқ тўловларини амалга ошириши ва уларга хизмат кўрсатиш учун бириктирилган. Шунингдек, кадастр идорасидан икки нафар мутахассис фуқароларнинг кадастр маълумотларини солиқ идораси маълумотлари билан солиштириб бормоқда.

Танганинг иккинчи томонига назар ташласак, мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни, йилнинг ярмига қадар мол-мулк ва ер солиғини тўлашга солиқ тўловчиларнинг вақти, хоҳиши бўлмайди. Йилнинг иккинчи ярмида эса ҳамма ёппасига тўлашни бошлайди. Мана, ноябрь ойининг ҳам ярмидан ошди. Бироқ айрим юртдошларимиз ер ва мол-мулк солиқларини ҳамон тўлашда давом этмоқда.

Ваҳоланки, ер ва мол-мулк солиғини тўлашнинг охирги муддати 15 октябрь этиб белгиланган. Ҳолбуки, бу борадаги масъулиятга панжа орасидан қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда ер ва мол-мулк солиқларини ўз вақтида тўлашни ҳар бир фуқаро унутмаслиги лозим. Чунки маҳаллий йиғимлар бевосита ўзимиз яшаб турган шаҳар ва туман, маҳалламизнинг янада обод бўлиши, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади.

Айтганча, технология ривожланган даврда солиқ тўловчилар учун жуда қулай имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Яъни, солиқ тўловларини давлат солиқ инспекциясига бормасдан “Click”, “Upay” ва “Payme” электрон тўлов тизимлари орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Телеграм мессенжерида солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида SoliqMaslahatchilari (t.me/ SoliqMaslahatchilari) гуруҳи ташкил қилинган бўлиб, бу орқали мутахассислар қарздорликларни билиб беришлари мумкин.

Шу ўринда, солиқ тўловчилар тушликкача ёки тушликдан сўнг соат 16:00 гача солиқ идорасига келишади. Солиқ органининг иши фақатгина мол-мулк ва ер солиғи қарздолигини кўриб беришдан иборат эмас. Айни видеога олинган залда бошқа хизматлар ҳам кўрсатилади. Бунинг устига кўпчилик солиқ тўловчиларнинг кадастр рақами йўқлиги сабабли кадастр хизматига ҳам навбатлар юзага келмоқда.

Солиқ тўловчилардан юзага келган ушбу ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.