Сўз эркинлиги: сукутдаги томошабинлар билан уни асраб қололмаймиз

Ҳар сафар шу сўздан оғринаман: “Ёзманг!” Жуда кўп давраларда турли касб эгалари билан суҳбатимиз жараёнида гап айланиб, соҳа кишиларининг ютуғу муаммоларига бориб тақалади. Ўз соҳасини яхши таҳлил қила оладиган инсонлар билан суҳбатлашишнинг ҳам гашти ўзгача аслида. Жуда кўп кузатганман, улар ўз муаммоларини айта туриб, уни ҳал этилишини исташларини билдиришади. Аммо... Аммо бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ёритиш таклифига кескин рад жавобини беришади. Қизиғи, ҳатто баъзида исмини ошкор қилмаслик шарти билан ҳам бу мавзуда ёзмаслигимни илтимос қилишади. Тўғри, кўп ҳолларда бу “илтимос”лар кўпам ўзини оқламайди, мазкур фикрлар мулоҳаза, таклиф сифатида барибир нашр юзини кўради. Афсуски, аниқ факти берилмаган мақолага эътибор, ёки унда кўтарилган масалага муносабат кутилганидай бўлмайди. Уларга бу шунчаки мулоҳазалар сифатида ёндашилади.

Бу каби ҳолатларга бир ё икки эмас, ўнлаб муротаба дуч келганим учунми, биз бугун сўз эркинлиги деб бонг ураётганимиз фақат журналистларгагини тегишли эмаслигига қайта-қайта амин бўлавераман. Умуман, сўз эркинлиги ўзи нима, у қачон пайдо бўлган ўзи? Нега бизда мутахассислар у ёки бу соҳадаги муаммоларни очиқ гапиришдан ҳанузгача чўчишади? Мақола шу ҳақда.

Эркинлик бу – икки карра икки тўрт эканлигини айтиш имкониятидир

Келинг, аввал сўз эркинлиги нима, у қачон, қаерда шаклланган каби саволларга жавоб топсак. Сўз эркинлиги ҳақиқатни қарор топтириш, ўз-ўзини бошқариш, сиёсий тизимнинг   мослашувчанлигини таъминлаш, шахснинг ўзини ўзи такомиллашувига эришуви, инсоннинг табиий ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Тарихий жиҳатдан у хабардорликни таъминлаш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг асослилигини қўллаш сифатида пайдо бўлган. 1689 йилда Буюк Британияда Конституцион акт сифатида қабул қилинган “Ҳуқуқлар тўғрисидаги билл” (“Аҳолининг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш ҳамда қиролликка меросхўрлик тартибини белгиловчи Акт”) парламент аъзоларига қироллик ва амалдорларнинг ишларини муҳокама қилиш учун тўлиқ эркинликни кафолатлади. Буларсиз унинг иши самарасиз бўлиши расман тан олинди. Сўз эркинлигининг бу хусусияти бугунги кунда ҳатто авторитар режим ҳукм сурган давлатларда ҳам қадрланиб, улар ўз барқарорлигини таъминлаш, жойлардаги асл вазиятни билиш мақсадида “озодлик оролчалари”ни (мисол учун чекка ҳудудлардаги оммавий ахборот воситаларига эркинлик бериб қўйилади) қолдиради. Бундай эркинлик ҳақиқатни қарор топтиришда муҳим омил сифатида кўрила бошланди.

Ж.Милл ёзганидек, “Фикрларни бостиришнинг ёмон жиҳати шундаки, бутун инсоният бу ғояга қарши бўлганлар унинг тарафдорларидан кўпроқдир. Агар фикр тўғри бўлса, улар ёлғонни ҳақиқат билан алмаштириш имкониятидан маҳрум, агар у ёлғон бўлса... улар ёлғон билан бўялган ҳақиқатнинг аниқ кўриниши ва тасвирини йўқотадилар. Тўлиқ сўз эркинлиги ҳақиқатда даъволарни оқлашнинг зарурий шартидир”.

“Фикрлар ва уларнинг эркин ифодаси инсоннинг энг қимматли ҳуқуқларидан биридир; шунинг учун ҳар бир фуқаро эркин сўзлаши, ёзиши, чоп этиши мумкин, фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ушбу эркинликни суиистеъмол қилиш учун жавобгардир”. (“Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси”, 11-модда.)

Жорж Оруэллнинг 1948 йилда ёзилган “1984” асаридаги Уинстон Смит исмли қаҳрамони “Давлат 2+2=5 ни ҳақиқат деб эълон қила оладими, деган саволга жавоб беради. Агар ҳамма бу ҳақиқатга ишонса бу уни ҳақиқатга айлантирадими? Смит шундай хулосага келади: Эркинлик бу – икки карра икки тўрт эканлигини айтиш имкониятидир. Агар шунга рухсат берилса, қолгани шунинг ортидан келади.

Ж.Руссо ва у каби кўплаб файласуфлар сўз эркинлиги маданиятини ўргатиш зарур, деган фикрда. Уларнинг фикрига кўра, ҳақиқатни аниқлаш учун мунозара олиб бориш ва муқобил нуқтаи назарларга нисбатан бағрикенг жамиятда тараққиёт ва ҳамжиҳатликни йўлга қўйишда ёрдам беради.

Тўғри, турли жамиятларда сўз эркинлигига нисбатан муросасиз қарашлар доим бўлган. Баъзи мутафаккирлар сўз эркинлигига жамиятни тайёрлаш, бу маданиятни шакллантириш муҳим, деб ҳисоблашса, баъзилар ҳар қандай чеклов сўз эркинлигига тақиқ сифатида қабул қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

Масалан, А.Де Токвилнинг фикрига кўра эса “масъулиятли фуқаролар” тарбияси  соф таълимдан ташқарига чиқади ва аслида цензурининг бир тури ҳисобланади, чунки у шахсий эътиқодларни ижтимоий ахлоққа боғлиқ қилади. Бир қатор замонавий танқидчилар фикрлашнинг мустақиллигини йўқотиш ижтиомий онгни манипуляция қилиш хавфини оширишини таъкидлайди.

Шунга қарамай, демократик мамлакатлар аҳолисининг аксарияти (айниқса консерваторлар) шахсият борасида бундай аралашувни у ёки бу даражада асосли деб билади.

“Ҳақ сўз айтаман, деб ишдан айрилишни ҳеч ким истамайди”

-Холис ва очиқ сўз ҳар бир жамиятда ўз қадрига эга бўлган, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сулаймон Ҳусаинов. – Ўз қадрини билган, журналистлигини англаган  инсон ҳар қандай вазиятда ҳақ сўзни айтишга ҳаракат қилиши керак. Бу баландпарвоз гап эмас, журналистнинг нонидир. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир гал облком (ҳозирги вилоят ҳокимлиги) томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ таркибида бир колхоз фаолиятини ўрганишга бордик. Ўша пайтлар бу каби ўрганишлар катта йиғилиш олдидан, албатта негатив характерга эга бўлиши керак эди. Яъни мазкур ўрганишлар натижалари йиғилишда айтилиб, ўша муассаса раҳбари ишдан бўшатилиши керак эди. Мен билан бирга борган гуруҳ аъзолари зўр бериб, ўша идора фаолиятидан қилдан қийиқ излагандай камчилик излашарди. Чунки колхоз вилоятнинг энг олди ҳудудлардан бўлиб, иши ижобий жиҳатдан кўзга кўриниб қолганди.  Колхоз раиси ҳам асл сабабини билгани учун ўзини оқламас, “ўзларинг биласизлар” дегандай тафтишга бепарво қараб ўтирарди. (Аниқланишича, у қайсидир амалдорнинг айтганини қилмаган).

Қайтганимиздан сўнг ишчи гуруҳнинг бошқа аъзоларининг барчаси майда чуйда камчиликларни бўрттириб ҳисобот тайёрлашди. Мен ундай қилолмадим. Ҳокимиятдан қўнғироқ бўлди.

-Нега сиз топшириқни бажармадингиз?

-Мен топшириқни бажардим, у колхоз фаолиятини обдон ўргандим.

-Хўш?!

-Колхоздаги барча ишлар рисоладагидай йўлга қўйилган экан, раис ишдан кетадиган даражадаги камчиликлар йўқ у ерда. Менинг якуний хулосам шу.

-Фикрингиз қатъийми?

-Албатта.

Шундай қилиб, ушбу суҳбатдан сўнг, ростдан ҳам келаётган душанба куни йиғилиш бўлди ва колхоз раиси ишдан кетмади! Бу воқеани қаҳрамонлик қилдим, деган маънода келтираётганим йўқ. Журналистнинг адолатли сўзидан ҳайиқиш доим бўлганлигини билдириш учун айтаяпман. Яъни, қандай жамият бўлмасин, агар у ерда билим, тафаккури, холислиги билан ном чиқарган журналист бўлса, унинг сўзи ҳар доим қадрли бўлган. Ҳатто доим ўз айтганидай бўлишни истовчи ҳукумат вакилларига ҳам.

Афсуски, ҳақ сўзи билан озгина танилган журналистлар орасида уни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўп.

Сўз эркинлиги жамиятнинг барча қатламида бўлиши жуда яхши ҳодиса, албатта. Аммо бунга эришиш йўлидаги омиллар жуда кўп. Ҳақ сўзни айтаман, деб турли босимларга учраш ёки оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, ишдан айрилишни ҳеч ким истамайди. Иш топиш учун йиллар ҳаракат қиладиган, ёки атрофида ўзини мутахассислиги бўйича бошқа биронта иш тополмайдиган инсон учун эркин фикрни айтиш ростдан ҳам осон эмас. Аммо шундай экан, деб қараб турмаслик керак. Айниқса, бугун ижтимоий тармоқлардан истаган киши ахборот тарқатиш имконига эга бўлиб турган бир пайтда асл ҳақиқатни яширишнинг иложи йўқ.

-Ҳар қандай жамиятда токи журналист фаолиятига тўсқинлик учун жазо чоралари қўлланилмас экан, бу соҳа вакиллари фаолиятига чеклов бўлаверади, - дейди журналист Анвар Мустафоқулов. – Чунки айнан шу чекловнинг ўзи сўз эркинлигига путур етказади. Журналист соҳа вакили сифатида фаолиятига нисбатан чекловлар, адолатни айтгани учун бўладиган тазйиқларга қайсидир маънода тайёр бўлади. Аммо мақола, ёки лавҳа тайёрлашда, журналист суриштируви олиб боришда аҳолининг, экспертларнинг ҳам фикри жуда катта аҳамиятга эга. Шундай пайти журналистлар қийналиб қолиши фаолиятимиз давомида кўп учрайди.

Ростдан ҳам шундай. Эҳтимол, бунинг сабаблари сўз эркинлигига нисбатан мамлакатимизда ҳукм сурган узоқ йиллик сукут сабабдир. Ҳақ сўзни айтганлар тақдири ҳақда тарқалган турли гап-сўзлар ва бошқа шу каби ҳолатлар биздаги ички цензуранинг йўқолмаётганига сабаб бўлаётгандир.

Энг муҳим мезон – одамларни тинглай билиш

Бугунда дунёда ёки минтақаларда сўз эркинлиги даражасини ўлчаш билан машғул қатор ташкилотлар фаолият юритади. Улар қуйидагилар.

* Freedom of The Press – “Дунёда матбуот эркинлиги” рейтинги  “Озодлик уйи” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилиниб, дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлиги ҳолати тўғрисидаги тадқиқот ва унга қўшилган рейтингни амалга оширади.

* Worldwide Press Freedom Index – Жаҳон матбуот эркинлиги индекси: ҳар йили ўтказиладиган тадқиқот ва унга ҳамроҳ бўлган дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлиги ҳолати тўғрисидаги рейтинг “Чегарасиз мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинади.

* Media Sustainability Index – Оммавий ахборот воситаларининг барқарорлиги индекси:  IREX томонидан нашр этилади. 

* African Media Barometer – Африка оммавий ахборот воситаларининг барометри:  Friedrich-Ebert-Stiftung томонидан олиб борилади.

Ушбу рейтингларнинг методологиялари нашр этилган ва объектив параметрларни (масалан журналистларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда ўлдирилганлар сони) ва экспертларнинг субъектив баҳоларини (масалан, оммавий ахборот воситаларида ўз-ўзини цензура даражаси) ўз ичига олади. Миқдорий кўрсаткичлар одатда ишончли ҳисобланади, аммо статистик таҳлил этилганда бу ҳолат ҳам тўлиқ қиёфани акс эттирмайди, шунинг учун улар кўпинча сифатли параметрлар билан тўлдирилади. Масалан, оммавий ахборот воситаларининг кўплиги уларнинг хилма хиллиги ва кенг кўламли фикрларни акс эттиришини англатмайди. Холис ёки тасдиқланмаган маълумотларнинг тарқалиши оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги концепциясини обўсизлантиради. Баъзи таҳлилчиларнинг фикрига кўра, энг муҳим мезон бу – оммавий ахборот воситалари фуқароларни тинглайдими ёки уларнинг номидан иш иш тутадими, шунда.

Ушбу индексларга қўйиладиган усулларни таҳлил қилиш бир қатор камчиликларни аниқлади. Баъзи параметрлар меъёрий хусусиятга эга, масалан оммавий ахборот воситаларига давлат мулкини ёки хусусий оммавий ахболрот воситаларига давлат субсидияларини сўз эркинлигига салбий ҳисса сифатида кўриш.

Тўғри, ҳозирча мамлакатимиз мазкур рейтингларда юқори даражани эгаллай олаётгани йўқ. Юқорида таъкидланганидай, бунга сўз эркинлигидан узоқ йиллик қўрқув, сукутдан афзали йўқ, каби ишончларимиз ҳам сабаб бўлса ажабмас. Аммо мавжуд қўрқувларга қарши ўлароқ майдонга чиқаётган Сўз эркинлиги ўз натижасини беради, деб умид қиламиз. Бу эса барчамизнинг ўз овозимизни билдира олишимиз билан ҳам белгиланади. Зеро, битта ёки иккита овоз ва миллионлаб сукутдаги томошабин билан уни асраб қолишнинг ҳечам имкони йўқ.

Гулруҳ МЎМИНОВА, журналист.