Спорт федерациялари раислари спортга қачон эътибор қаратади?
Вилоятда 23 та олимпия, 4 та миллий, 1 та қишки спорт тури, 33 та ноолимпия спорт тури бўйича федерация, 1 та Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси вилоят бўлими, 2 та жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда 1 та спорт кенгаши жами 65 та спорт ташкилоти фаолият кўрсатмоқда.
Спорт турлари бўйича вилоятимиздан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига 1421 нафар - асосий таркибга 949 нафар, захира таркибга 472 нафар, шундан олимпия спорт турлари асосий таркибига 586 нафар, захира таркибига 264 нафар спортчи қабул қилинган. Бу миллий терма жамоа таркибининг қарийб 10 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида вилоятимиз спортчилари Ўзбекистон чемпионатида 956 та (261 та олтин, 327 та кумуш, 368 та бронза), жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида 176 та (52 та олтин, 54 та кумуш, 70 та бронза) медалини қўлга киритган. Аммо вилоятдаги айрим спорт федерацияларда амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижаларни қониқарли деб бўлмайди.
Жумладан, дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо спорт федерациялари яхши натижа кўрсатётган бўлса, 20 яқин спорт тури баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш... ўрта ва қиличбозлик, от спорти, волейбол, спортнинг техник ва ўқ отиш, теннис, бадминтон, регби федерациялари қониқарсиз натижа қайд этмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда пенчак силат, кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчи етказиб бермаяпти.
Хўш, муаммо нимада?
- Вилоятда волейбол спорт туридан 92 нафар мураббий қўл остида 2800 нафар ўғил-қиз шуғулланади, - дейди вилоят терма жамоаси бош мураббийи Жўрабек Набиев. – Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига уч нафар спортчимиз қабул қилинган. Кейинги пайтда эса терма жамаога спортчилар етказиб берилмаяпти. Чунки спортчиларнинг шуғулланиши учун база йўқ, федерация учун бино ажратилмаган, спорт жиҳозлари етишмайди. Кейинги пайтда мусобақалар ҳам деярли ташкил этилмаяпти. Мусобақа ўтказиш ва спортчиларни тақдирлаш маблағ билан боғлиқ. Биз эса жамаотчилик асосида ишлаймиз, ходимларга маош тўланмайди. Шундай бўлса-да, ёшларнинг қизиқиши ва уларнинг спорт формасида бўлиши учун мусобақаларни ўзимиз ташкил қиламиз.
- Бадминтон олимпия спорт турига киради, - дейди бадминтон федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Марат Муҳаммадиев. - Федерациянинг вилоят бўлими 2014 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунда 1550 нафардан зиёд ёшлар 47 нафар тренер қўл остида бадминтон билан шуғулланиб келмоқда. Шуғулланиш учун база ажратилган. Жорий йил федерация томонидан республика терма жамоасига 2 спортчи етказиб берилди, 1 нафар спортчи Ўзбекистон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Аммо аксарият ҳудудларда кадрлар, спорт жиҳозлари етишмайди. Жумладан, Булунғур, Жомбой туманлари ва Каттақўрғон шаҳридаги спорт мактабларида бадминтон бўйича тренерлар умуман йўқ. Ҳатто ўтказиладиган мусобақаларга ушбу ҳудудлардан спортчилар ҳам қатнашмайди.
Спорт федерацияларидаги ушбу муаммолар ечими юзасидан вилоят спорт бошқармасида уларнинг мониторингига масъул Аҳрор Шамсиев фикрларини сўрадик.
- Мусобақа ўтказиш, уларга бориб-келиш учун маблағ етишмаслиги, спорт анжомлари ва кадрлар билан боғлиқ муаммолар федерация раҳбарларининг спорт турларига эътиборсизлиги натижасида юзагаё келмоқда, - дейди А.Шамсиев. – Федерациялар нодавлат ташкилот ва улар ўзини реклама қила олиши керак. Бунинг учун спорт тўгараклари сонини кўпайтириш ва уларга кўпроқ спортчиларни жалб қилиш, танлов асосида малакали мутахассисларни саралаш лозим.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.