Спорт туфайли касалликни енгаётган аёллар сони кўпаймоқда
Самарқандда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ӽамкорлигида 50 ёш ва ундан юқори уй бекалари ҳамда 10 ёшгача бўлган қизлар иштирокида спорт фестивали ўтказилди. Фестивалнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакили Шавкат Қозоқбоев сўзга чиқиб, хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар жойларда улар ўртасида спортнинг оммалашаётганига туртки бўлганини таъкидлаб ўтди.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 200 нафарга яқин иштирокчи ўз ёш тоифасига кўра, спортнинг энг нафис ва жозибали спорт тури бўлган, рақс ва бадиий гимнастика элементларини ўзида мужассам этган гимнастрада бўйича беллашдилар.
- Мана 5 йилдан бери спорт билан шуғулланиб келмоқдаман, - дейди Жомбой туманидан келган 60 ёшли Ҳанифа ая Ўралова. - Ҳар куни эрталаб маҳалламиз аёллари билан югурамиз, машқлар бажарамиз. Аслида бундан 5 йил олдин юрак қон босими билан ҳасталаниб шифохонага тушгандим. Ўшанда туман, шаҳар шифокорлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланишим кераклигини тавсия этишди. Шундан бери спорт билан шуғулланиб келмоқдаман, касалликни ҳам енгиб яхши бўлиб кетдим. Атрофимга маҳалламиздан 15 та аёлни тўплаганман, бирга спорт билан шуғулланиб келмоқдаман.
- Тўрт йил аввал шифокорлар грижа ташхисини қўйишганди, спорт билан шуғулланиб ундан халос бўлдим, - дейди Паст Дарғом туманидан келган яна бир иштирокчи Кимё Муродова. – Шундан бери мунтазам шуғулланиб келмоқдаман. Кунда маҳалламиздаги 41-мактаб спорт залида 20 нафарга яқин хотин-қизлар шуғулланамиз. Спорт билан шуғулланганимиздан бери оёқлар оғримайди, юрак қисилиши кетган, кайфиятимиз яхши, доим кутаринки руҳда юрамиз. Спорт ўйинларидан баскетбол ўйнаймиз. Фақат нафақадаги аёлларга эмас, балки ёшларга ҳам мунтазам спорт билан шуғулланишни тавсия қиламан.
Тадбир якунида энг фаол жамоа, энг яхши хореограф, интизомли, қувноқ, чиройли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Муниса Шамсиева.