“Староста” – коррупция кўпригими?

“Ҳозирги вақтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг чора-тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Аммо олий ўқув юртларида ўқитувчи ва талаба ўртасидаги коррупция ҳамон сақланиб турибти. Бунга сабаб “староста”лар ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги коррупцияга кўприк, яъни воситачи вазифасини бажариб келмоқда.

Агар олий ўқув юртларида “староста”лик вазифаси йўқ қилинса порахўрлик ва таъмагирликка чек қўйилади. Шу масалада амалий кўмаклашишингизни сураймиз”.

“Бир гуруҳ СамДУ талабалари номидан”  йўлланган ушбу мурожаатда кўтарилган масала юзасидан Самарқанд давлат университети раҳбарияти, гуруҳ сардорлари билан суҳбатлашдик. Айтилаётган фикрлар асослими?

– Шу пайтгача бундай ҳолатлар бўлганини тан олишимиз керак, – дейди Самарқанд давлат университети ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Алишер Эштаев. – Албатта, бунинг ҳам ўзига яраша сабаб ва оқибатлари бўлган. Бунга қарши курашганмиз. Нопок ишга қўл урганлар, бунга шароит яратганлар бу хатти-ҳаракатлари учун тегишли тартибда жавоб берган. Лекин бугун гуруҳ сардорлари талаба ва ўқитувчи ўртасида “коррупция кўприги” вазифасини бажаряпти, деган фикрга қўшилмайман. Талабалар бу ҳақда ўзимизга мурожаат қилсалар ҳам масалани ҳал этиш, бундай “староста” ва ўқитувчига нисбатан чора кўриш имкониятимиз бор.

Қолаверса, бугунги кунда гуруҳ сардорларининг “баҳо қўйдириб бериш” учун талаба ва ўқитувчи ўртасида “воситачи” бўлишига ҳожат қолмаган. Чунки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисида”ги буйруғи билан тасдиқланган Низом ҳамда Самарқанд давлат университети ректорининг 2019 йил 6 майдаги буйруғига асосан университетимизда назоратларни ташкил қилиш ва баҳолаш бўлими ташкил этилган. Бундан кўзланган асосий мақсад талабанинг билимни баҳолашда дарс берган ўқитувчи иштирокини истисно этиш тизимини жорий қилиш бўлиб, назоратларнинг адолатли, шаффоф ва холисона ўтказишдан иборат. Ўтган ўқув йилидан бошлаб, баҳорги семестр назоратлари бўлим томонидан ташкил этилди. Ёзма иш тарзида топширилган якуний баҳолаш ишлари шифрланиб махсус комиссия томонидан текширилди ва баҳоланди. Бундан ташқари ёзма ишларни текшириш ва баҳолаш учун Тошкент, Қарши, Бухоро, Фарғона, Гулистон шаҳарларидаги ва Самарқанддаги бошқа олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ўрнатганмиз.

Уларнинг профессор-ўқитувчилари томонидан 2019-2020 ўқув йилининг кузги сессиясида 100 дан ортиқ фанлардан 15000 га яқин ёзма ишлар текширилиб, баҳолаб берилди. Якуний баҳолаш тест ва амалий машғулот тарзида ўтказиладиган синовлар кузатув камералари ўрнатилган хоналарда амалга оширилади ва бу ҳам университет раҳбарияти, тегишли комиссия томонидан кузатиб борилади. Юқорида келтирилган далиллар университетда гуруҳ сардорлари  ва ўқитувчи ўртасида “коррупция йўлак”ка эҳтиёж йўқлигини англатади, деб ҳисоблаймиз

  Университет ички тартиб-қоидаларида қайд этилишича, ҳар бир гуруҳда факультет декани томонидан интизомли ва дарсга улгурувчи талабалар ичидан гуруҳ сардори белгиланади.

Гуруҳ сардори бевосита факультет декани, декан муовинлари ва гуруҳ мураббийсига бўйсунади, ўз гуруҳида уларнинг барча кўрсатма ва буйруқларини бажаради.

Ўқув машғулотларида талабаларни ҳисобга олиш, маъруза ва амалий машғулот дарсларида гуруҳда ўқув фанининг боришини кузатиш, шунингдек, ўқув ускуналари ва жиҳозларнинг сақланиши ҳақида жавобгарлик, гуруҳ талабалари ўртасида дарслик, ўқув қўлланмаларини ўз вақтида олиш ва тарқатишни ташкил қилиш, факультет декани томонидан машғулотлар жадвалига киритилган ўзгаришларни талабаларга етказиш, ҳар куни тартиб бўйича гуруҳ навбатчисини белгилаш, гуруҳ талабалари стипендияларининг ўз вақтида олинишини  назорат қилиш гуруҳ сардорининг вазифалари ҳисобланади.

– Тўрт йилдан буён гуруҳ сардориман, лекин шу пайтгача бирорта курсдошим баҳо олиш учун домлага илтимос қил ёки воситачи бўл, деб айтмаган, – дейди Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси Собир Тошниёзов. – Қайсидир ўқитувчи талабага нисбатан ноҳақлик қилса ёки тушунмовчилик юзага келса ўзига эътироз билдираман, бу ҳақда деканатга маълум қиламан. Ўзим ҳам талабаман ва дўстларимнинг қандай шароитда ўқиётганини яхши биламан. Улардан пул ёки совға-салом олиб ўқитувчилардан баҳо қўйдиришга ҳаракат қилмайман. Ўзим ҳам “сессияларни” фақат аъло ва яхшига “ёполмайман”. Билимимизга, ўзлаштиришимизга яраша баҳо оляпмиз.

Яна бир нечта талабалар, сардорлар билан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарият бир фикрни такрорлади – гуруҳга сардор керак ва у доим талабалар томонида бўлиши зарур, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида воситаси бўладиган сардор биздан эмас.

Назаримизда, бу гапда жон бор ва тўғри қарор.

  Ғолиб ҲАСАНОВ.