Суд ҳокимияти фаолияти рақамлаштирилиши судьяларга қўшимча масъулият юклайди

Кейинги йилларда судлар фаолиятининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўз навбатида, судларга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини янада эркинлаштириш ҳамда судлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 3 сентябрида Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор аввало судлар ва бошқа идоралар ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, умуман, тизим фаолиятини замонавий асосда ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Келгуси йилдан бошлаб суд мажлислари белгиланган тартибда аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилиши, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимланиши соҳада бюрократиянинг олдини олишга хизмат қилади. Ўз навбатида, судьялар фаолиятига четдан аралашишларнинг олдини олиб, масъулиятини оширади.

Бундан кўринадики, қарорда белгиланган ҳар бир масала одил судловга кенг йўл очишга қаратилган. Шунингдек, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш йўлга қўйилади.

Бу янгилик аввало суд иштирокчиларига қулайлик яратиш баробарида, судлар ишларни тезкор кўриб чиқиш, қабул қилинаётган ҳужжат қонуний, адолатли бўлишида муҳим роль ўйнайди. Негаки, бугунги кунда судларда ишларни кўришда давлат ва жамоат ташкилотлари билан маълумот алмашинуви қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бу табиийки, ортиқча вақт ва маблағ сарфланишига сабаб бўлаётир.

Судлар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар адолатли бўлишида қарор билан яна бир қатор ўзгаришлар амалга оширилади. Мисол учун, судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали ишончли маълумотлар билан танишиб чиқади.

Алимент миқдори эса ахборот тизими орқали туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни электрон шаклда олиш орқали белгиланади.

Бу икки янгиликнинг ўзиёқ кимгадир “имтиёз” қўллаш, бошқа бировга кўпроқ жарима ёки алимент белгиланмаслигини кафолатлайди.

Умуман, қарорда белгиланган вазифалар оддий фуқаро кўзи билан қаралганда судьялар масъулияти ошираётганини кўриш мумкин. Негаки, кейинги 2-3 йилда 10 га яқин интерактив хизматлар йўлга қўйилиши кераклиги судьяларга ҳам изланиш, кўпроқ ўқиб-ўрганиш талабини қўймоқда.

Албатта, суд органлари фаолиятига ахборот-технологияларининг кенг жорий этилиши, судлар ва давлат ташкилотлари, суд иштирокчилари ўртасида ахборот алмашинувининг замонавий асосда йўлга қўйилиши одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ў.МАМАДАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари.