Суд туман сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топди
Чилонзор тумани маъмурий суди 22 декабрдаги туман сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Бунақаси ҳали Ўзбекистон амалиётида бўлмаган.
Бу ҳақда Газета.узга таянган ҳолда Хушнудбек.уз телеграм канали хабар бермоқда.
Даъвогар ким?
Судга ЎзЛиДеПдан номзоди қўйилган Фазлиддин Бахромов шикоят қилган.
Шикоят мазмуни нимада?
Сайлов натижаларини ҳисоблашда туман сайлов комиссияси 4-Лутфий округи натижаларини сохталаштириб, баённомаларни ўзгартирган ҳамда Халқ демократик партиясидан номзоди қўйилган Республика олимпия захиралари коллежи директори ўринбосари Аброр Мамадалиевни ғолиб, деб эълон қилган. Дастлабки баённома бўйича Аброр Мамадалиев ушбу округда 401 та овоз олди, деб кўрсатилган. Аммо якунда баённомалар ўзгартирилиб, 813 та овоз олди, дея қайд этилган. Қаердандир 400 дан кўпроқ овоз қўшиб қўйилган.
Бундан ташқари, участка сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва котиби Республика олимпия захиралари коллежи ўқитувчилари бўлишган. Ваҳоланки, Сайлов кодекси бўйича номзоднинг қўл остида ишлайдиган шахслар комиссия аъзолари бўлиши мумкин эмас.
Суд қандай қарор қабул қилди?
Барча далилларни ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, суд қуйидаги қарорларга келди:
- туман Кенгаши депутатлигига сайловлар натижасини ҳисоблашда маълумотлар сохталаштирилган ва сайлов қонунчилиги бузилган, деган хулосага келди;
- туман сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топди;
- туман сайлов комиссияси зиммасига такрорий сайлов ўтказиш мажбуриятини юклади;
- қайта сайловда Республика олимпия захиралари коллежи ходимларини сайлов комиссиялари таркибига киритмасликни белгилади;
- прокуратура органларига хусусий ажрим киритди ва қонун бузилиш ҳолатини ўрганиб, айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўради.