Судлар бизда мустақилми?
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида ўтказилган давра суҳбатида ана шу савол атрофида мулоҳаза юритилди.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида доимий ишловчи сенатор Фарҳод Боқиев бошқарган анжуманда вилоятдан сайланган сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд ва судьялар олий кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Нотариал палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, адвокатлар палатаси вакиллари иштирок этди.
Таъкидландики, ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бу тизимдаги органлар фаолиятининг шаффофлигини таъминламоқда. Хусусан, суд идораларининг ихтисослашуви, сайёр ва онлайн суд мажлислари, оқлов ҳукмларининг кўпайиши, судьяларнинг тайинловдан олдин жамоатчилик суҳбатидан ўтиши одил судлов тизимини янги поғонага олиб чиқаётир.
Шу билан бирга давра суҳбати қатнашчилари судлов тизими мукаммаллигини таъминлаш учун ҳали қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Хусусан, суд мажлисида адвокат ва прокурор иштироки тенглигини таъминлаш, мамлакатда судьялар кунини белгилаш, фуқаролик ишлари бўйича ҳар бир туманда судларни ташкил этиш, суд қарорлари, айниқса, оқлов ҳукмлари тарғиботини кучайтириш, соҳа ходимлари, фахрийлари учун алоҳида доимий оромгоҳ барпо этиш масалалари ўртага ташланди.
Давра суҳбати иштирокчилари билдирилган таклифларни Олий Мажлис Сенати орқали тегишли идораларга тақдим этишга келишиб олдилар.
Давра суҳабати қатнашчилари Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонасида бўлиб, судяларнинг сайёр қабулдаги фаолияти, Халқ қабулхонаси билан ҳамкорлигини ўрганди.
Тойлоқ туманида эса тўртала судлар учун қурилган янги бинода судьялар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Ўз мухбиримиз.