Суратчининг суратчидан, фотомухбирнинг фотомухбирдан фарқи бор

Ҳамкасб дўстим - "Ўзбекистон  қишлоқ хўжалиги" журнали бош муҳаррири Тоҳир Долиев ҳамда таниқли ношир ва дизайнер Акбарали Мамасолиев билан бирга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, фотомухбир, катта қалб соҳиби Абдуғани Жумаев устахонасига бордик.

Абдуғани ака 50 йил фотомухбир бўлиб ишлаган, юзлаб шогирдларга устозлик қилиб, уларга беминнат меҳрини бера олган инсон. Тошкент шаҳрининг Хадра мавзесидаги устахонасини хорижликларга берса, яхшигина даромад қилади. Аммо бу оддий хонадон ҳамиша ҳамкасблар, ижодкорлар билан гавжум. Бу ерда нафақат бугунги таниқли адиб ва адибалар, ҳатто Абдулла Ориповдек машҳур ижодкорлар ҳам бўлишган. Дарвоқе, Абдулла  аканинг "Абдулғани, сиз фотомухбиргина эмассиз, фотомухбирлар шайхисиз", деган гапини кўпчилик ҳамон эслайди.

Бу хонадондаги бетакрор фотосуратларни кўриб, ўзимча фидойи ҳамкасбим, деган тасаввурим ҳалол, касбига фидойи деган тушунчалар билан бойиди. Ҳар бир тарихий сурат маъноси, гўзаллиги билан лаҳзалар моҳиятини очиб беради. Мамлакатимиз ва дунё адибларининг турли ҳолатда тушган суратларини кўриб, ҳар бир ижодкорнинг қалбини ҳис қиласиз.

Ўзимга савол бераман: бугун тўй ва томошаларда пул учун сурат тушириб юрган шотирлар, "катта"лар билан тушган суратларни пуллаб кун  кўраётганлар бундай музейсифат масканнинг қадрига етармикин?

Суҳбатимиз, суратларни қилган томошамиз анча чўзилди. Қайтар чоғимиз Абдуғани ака яхши бир гапни айтиб қолди:

- Ҳокимларингиз, жамоатчилик, умуман, самарқандликлар санъатга алоҳида меҳр қўйган. Яқинда Самарқандда асарларим кўргазмасини  уюштириш ниятим бор.

Бу таклифдан хурсанд бўлдик. Менга эса ҳурмат юзасидан яхши асарларидан бирини ҳадя қилди: ушбу суратни Абдуғани ака 1984 йилда Самарқандда бир олим хонадонида туширган экан. "Новвой аёл" номли сурат ўз вақтида мамлакат миқёсидаги журнал муқовасида чоп этилган.

Фармон Тошев.