Сув камаймоқда, ичимлик сув ва оқова хизмати ҳам қониқарли эмас
Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан илк жамоатчилик эшитуви ташкил қилинди.
Тадбирда аҳоли ва қишлоқ хўжалик корхоналарини сув билан таъминловчи давлат ташкилотлари вакилларининг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, йилдан-йилга глобал тус олаётган сув масаласи Ўзбекистон учун ҳам долзарб муаммолардан бири. Чунки сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа мамлакатлардан оқиб келади, бор-йўғи 20 фоизи юртимиз ҳудудида ҳосил бўлади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача сув ресурслари Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.
Шунинг учун сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига устувор аҳамият қаратилиб, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга эътибор қаратиб келинади. Бу борада вилоятимизда ирригация, мелиорация объектларини қуриш ҳамда уларни реконструкция қилишга киришилган.
Хусусан, жорий йилда 81,4 миллиард сўмлик ирригация ва мелиорация ишларини бажариш кўзда тутилган.
Ушбу маблағ ҳисобига 28,7 километр узунликдаги каналларни реконструкция қилиш, 1,1 километр лоток тармоғи, 3 та гидротехник иншоот, 1 та насос станцияси, 13,3 километр қувур, 2,7 километр дамба, 1 та сув омбори қуриш ишлари, 10 километр коллекторни реконструкция қилиш ва 9 километр ёпиқ-ётиқ коллектор тармоғини қуриш ишлари бажарилади.
Бу ишлардан нима наф?
Қайд қилинган ишлар натижасида вилоятда 93 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланишига эришилади.
Ирригация йўналишида амалга ошириладиган ишлар келтирадиган манфаат шундангина иборат эмас. Мисол учун, Қўшработ тумани «Оқчопсой» сув омборида сув тақсимлаш ва ўзи оқар сув қувурларини ётқизиш орқали 1500 гектар янги ер ўзлаштирилади. Ўз навбатида қўшимча маҳсулот, энг муҳими, янги иш ўринлари яратилади.
Ёки Ургут туманида қурилаётган «Омондара» сув омборини олайлик. Лойиҳа қиймати 5 386,776 миллион сўм бўлган объект ишга тушгач, 350 гектар экин майдонини сув билан таъминлайди. Айтилишича, бу сув фақат аҳоли томорқаларига етказиб берилади.
Йиғилиш давомида депутатлар «Булунғур» сув омборига эътибор қаратишди. Маълум бўлишича, объект жойлашган туман учун 1 метр куб ҳам сув бермайди. Бу ўз йўлига, аммо у ҳудуд инфратузилмасига нечоғлик зарар келтиряпти?
Мазкур саволга мутахассислар тегишли тартибда асослантирилган жавоб қайтаришларини билдирди.
Мелиорация нима бўляпти?
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сизот сувлари сатҳини меъёрий чуқурликда ушлаб туришни таъминлаш мақсадида 14 та лойиҳа бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2 та лойиҳа бўйича 14 километр узунликдаги коллектор-тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш, 12 та лойиҳа бўйича 512,2 километр узунликдаги коллектор тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари бошлаб юборилган.
Шу билан бирга, вилоятда 7 та канални бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Жамоатчилик эшитуви давомида айни масалада қатор муаммолар кузатилаётгани қайд этилди. Мисол учун, айрим ҳудудларда канал ёки коллектор муҳофаза қисмини аҳоли ноқонуний тарзда эгаллаб олган ва улар тегишли тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Муаммони ҳал қилиш ортиқча ташвиш ва вақт сарфланишига сабаб бўлмоқда.
Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутасаддисининг айтишича, ўтган йили барча канал ва коллекторларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланган. Демак, шу пайтгача кузатилган юқоридаги муаммо қонун йўли билан ҳал этилади. Яъни, ўзан ҳамда муҳофаза зоналарини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган кишиларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Бундан ташқари, аксарият жойларда сув тармоқларига туташ қилиб турли манзарали дарахт кўчатлари экилган. Таъмирлаш ёки реконструкция жараёнида уларни кесиш жавобгарликка олиб келади.
Экологик партия депутатлик гуруҳи раҳбари бу борада ҳам ишни қонун доирасида ташкил этиш ечим бўлишини қайд этди. Унга кўра, амалга ошириладиган иш лойиҳаси тайёрлангач, экологик экспертизадан ўтказилиши керак. Шунда дарахт қолиши ёки уни айланиб ўтиш борасида мутахассислар хулосаси бўлади.
Ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилади
Маълумотларга кўра, сув хўжалигини рақамлаштириш ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Мисол учун, жорий йилда 571 дона «Ақлли сув» қурилмалари, 1 дона йирик гидротехник иншоотни автоматлаштириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Мелиоратив экспедицияси томонидан вилоятда мавжуд 848 дона кузатув қудуқларида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати, сизот сувлари сатҳи ва таркиби тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган тарзда назорат қилиш учун «Дайвер» қурилмалари босқичма-босқич синовдан ўтказилмоқда. Жумладан, жорий йилда 66 та «Дайвер» қурилмасини ўрнатиш режалаштирилган.
Жамоатчилик эшитуви чоғида бу каби масалаларга эътибор қаратилмади. Аксинча, нима муаммоларинг бор, деган савол бот-бот ўртага ташланди. Мавжуд вазиятда «Ақлли сув» ва «Дайвер» қурилмаларини ўрнатиш асосий масала бўлиши керак эмасми?
Хусусий шериклик йўлга қўйилади
Соҳада талай муаммолар билан бирга янги ташаббуслар ҳам бор. Мисол учун, Пайариқ тумани «Минг чуқур» насос станцияси Хитойнинг «ZHEJIANG TIANCI NEW ENERGY TECHNOLOG» компаниясига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида топширилган.
Секундига 450 литр сув чиқариш қувватига эга насос станцияси 380 гектар майдонга сув етказиб беради.
Аҳамиятлиси, қиймати 597,5 минг доллар бўлган лойиҳа доирасида станция муқобил электр энергия билан таъминланган. Бунинг учун ҳудуддаги 31 сотих майдонда қўйилган панеллардан 3 фазали электр ишлаб чиқаришнинг ҳисоби олинган. 231 кВт/соат қувватдан 160 кВт/соат энергия янги қўйилган агрегатлардан биттасини юргизишга етади. Қолган электр энергияси аҳоли хонадонларига етказиб берилади. Насослар ишламаётган пайтда ҳудуддаги аҳоли хонадонларини электр энергияси билан таъминлаш ҳисобига қўшимча даромад келади. «Минг чуқур» насос станциясидаги бу тажриба вилоятнинг бошқа туманларида оммалаштирилиши кўзда тутилган.
Ичимлик сувчи?
Мутахассисларга кўра, аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига Ўзбекистонда 2030 йилга бориб, сувга бўлган талаб 7 миллиард куб метрга етиши, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич икки баробар ортиши мумкинлиги айтилади.
Шу жиҳатдан, соҳада ишни янгича ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, ўтган йили республика миқёсида 1 миллиондан кўпроқ аҳоли илк марта марказлашган ичимлик суви билан, асосийси, 445 мингта абонент замонавий ҳисоблаш ускуналари билан таъминланган.
Нега энди, ҳисоблаш ускунаси ўрнатиш асосий масала? Чунки ишлаб чиқарилаётган сувнинг 30 фоизи йўқотиляпти. Бунинг эса муайян бир қисми ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида юз бермоқда.
Вилоят сув таъминоти корхонаси мутасаддисининг маълум қилишича, дастур доирасида амалга оширилган лойиҳаларда сув ҳисоблаш ускуналари корхона томонидан қўйилади. Бошқа ҳолларда истеъмолчининг ўз маблағидан ўрнатилиши керак. Бироқ битта ускунани ўрнатиш 1 миллион сўмдан кўпроққа тушишини ҳисобга олиб, аҳоли ундан фойдаланмасликка қарор қилмоқда.
Бу борада Экологик партия депутатлик гуруҳи раҳбари Фарҳод Аҳроров таклиф киритди: Бу ишни вилоят бўйича марказлашган ҳолда қилса, тўғри эмасми? Дейлик, қайсидир банк зарур миқдорда кредит ажратади ва барча аҳоли хонадонларига сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади. Ҳар бир истеъмолчига сарфланган маблағ муайян давр учун бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Хулоса қандай?
Умуман, партия фаоллари ва депутатлик гуруҳи соҳадаги ишлардан қониқмади. Бу фақат ҳисоблаш ускуналари ёки ирригация ва мелиорация тизими мутасаддиларининг жавобларидан эмас. Мисол учун, вилоят бўйича оқова сув тармоқлари 30 фоизга ҳам етмайди.
Ичимлик сув таъминотида янги тармоқ тортиш фақат ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Нодавлат жамғармалар орқали амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Шу каби ҳолатларни ҳисобга олиб, масалани халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига олиб чиқиш белгилаб олинди.
Ёқубжон Марқаев.