Сувнинг уволи тутмасин ёхуд сувга бўлган муносабатимиз хусусида мулоҳаза

Табиат ва экология ҳақидаги анчадан бери банд этиб келаётган фикрларимни кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилишни лозим топдим.
Келажак авлодларга биздан нима қолиши керак? Ахир яқин ўн йиллар илгари овқатдан бўшаган қозон-товоғимизни уйимиз олдидан оқиб ўтувчи ариққа ювиб олардик. Ош-овқатимизга ишлатиш учун тоза водопровод сувлари бўлгани учун идиш-товоқларни, айрондан бўшаган халталарни ариқ сувига ювардик. Чунки ўша пайтларда унинг суви тоза эди...
Касри кимга уради?
Мана, ўн-ўн икки йиллардан бери ариқ сувлари ифлосланиб кетди. Энди ариққа коса-товоғимизни ювганимизни бирон киши кўриб қолса, бурнини жийирмасдан ўтиб кетмайди. Буям майли, албатта, тўхтаб, дакки беради - ариққа қайси хонадон ҳаммоми оқовасини ташлаб қўйгани-ю қайси уй эгалари ҳожатхонасидан қувур чиқариб қўйганини айтиб беради. Лекин ҳеч ким ўша хонадон эгасига бориб, “Нега ундай қиляпсан?” демайди. Ҳамма ўз тинчини ўйлайди...
Серқуёш ўлкамиз азалдан мўътадил иқлимидан ташқари, шарқираган сойлари-ю ундаги зилол сувлари билан дунё аҳлини лол қолдириб келган. Қадим юртимизнинг оқар сув ҳавзалари бизнинг давримизга – айни бугунги кунга келиб, қандай аҳволда?
Ота-боболаримиз кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча асрлар оша олиб келган дов-дарахтларга, она табиатга, оқар сувларга кўр-кўрона ҳужум бошладик. Бугунги кунда на шаҳар, на қишлоқлардаги бирорта сув ҳавзаси йўқки ифлосланмаган бўлсин.
Биз бу ҳолга кўникиб, уни оддий ҳол сифатида қабул қилишга ўргандик.
Ўйлаб ўйимга етолмайман, нега фикрламай қўйдик, бу ҳолатнинг касри кимга уради?
Менга, сизга – барчамизга яна савол
Марказий йўллар атрофидан оқиб ўтувчи каналлар, ариқлар ичига қарасангиз нималар йўқ?!
Сон-саноқсиз елим идиш, товуқ патлари, молнинг ичак-чавоқлари, эски калиш, шиппаклар, памперсларгача - ҳамма-ҳаммаси сувга ташланган. Шу ифлос чиқиндилар оралаб эса зилол сув - Худонинг бизга берган тенгсиз неъмати, бутун тирикликнинг, одамзотнинг, бутун табиатнинг гуллаб-яшнаши учун энг керакли бўлган оби-ҳаёт оқиб турибди.
Сув ҳавзаларидаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай ифлосликлар энди жим туриш фурсати ўтганини, бонг уриш, ҳайқириш кераклигини англатади. Минг афсуски, ҳозир жуда кўп кичик корхоналар, ошхона-ю балою баттарлар чиқиндиларини сувга ташлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Каттаю кичик сув ҳавзаларининг қайси бирига қараманг, ҳаммасида турли чиқиндилар оқиб ётганини кўриб, дилингиз хуфтон бўлади. Сўнгсиз саволлар қуйилиб келаверади: бу ифлос оқова ўрнида шарқираган зилол сув оқса яхши эмасми?
Табиат инжиқлигига худбинлигимиз сабабмасмикан?
Диёримизда сув ресерслари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Орол денгизи қуригандан кейин навбат катта-кичик дарё-сойларимизга келди. Мана, икки йилдирки, уйимиз олдидан оқиб ўтувчи ариқларда қишин-ёзин бир томчи сув йўқ. Нега шундай бўляпти?
Болалик пайтларимда саратон палласида сув қирғоқларини емириб, тоғдай-тоғдай улкан жарликларни ичига нуратиб, ваҳшат билан гулдуросу сурон солиб, домига нима илинса, оқизиб кетувчи қадимий Зарафшон дарёсида ёз чилласида ҳам сув йўқ.
Дарё, канал, ариқларимиздаги сувлар қуриб бораётгани учун ер ости сувларига ҳужумга ўтдик. Зарафшон дарёси қирғоқларидаги темир-терсак, бетон, яна алламбалолар уюмларини кўрган инсофи бор одамнинг ақли шошади. Дарё қирғоқларидаги яшнаб турган дов-дарахтлар ўрнида пайдо бўлган тонналаб чиқинди уюмларини нима билан оқлаб бўлади?
Алҳазар! Оби ҳаётга қилаётган кўр-кўрона ҳужумларимиз учун Худо бизни албатта жазолайди. Яратган эгам "Мен берган неъматларни хор қилган бандаларимни кечирмайман!", деган.
Асли Тожикистон тоғларидан бошланиб, юзлаб ирмоқлардан бир бутун яхлит дарё - Зарафшон бўлиб, юртимиз сарҳадлари узра оқишининг ўзи Яратганнинг бизга берган тенгсиз неъмати эди-ку! Шу қадим дарё туфайли рўйи замин сайқали Самарқанд вужудга келган-ку!
Зарафшоннинг бир ирмоғи бўлган Дарғом канали ҳам йилдан-йилга сувсизланиб боряпти...
Чашмани унутдик...
Яқинда бир кичик тадқиқот ўтказиб кўрдим. Ёшлардан чашма сўзининг маъноси, умуман, у нимани англатишини сўрадим. Чашма ер остидан чиқаётган сув манбаи ва унинг суви эканлигини биладиган ўғил-қизлар топилмаганидан ҳайратга тушмадим.
Биласизми-йўқми, Самарқанд шаҳрининг қоқ марказидан оқиб ўтувчи қадимий Чашма ариғи бор. Эсиз ном, эсиз чашма.
Қадимда минг йиллар давомида чашмалардан бошланувчи бу ариқнинг суви бутун Самарқанд аҳолисини оби ҳаёт билан таъминлаган. Энг аҳамиятлиси, ўтмишда одамлар бу ариқ ичига чиқинди, мағзава ташлаш нари турсин, ҳатто бет-қўлини ювишга-да журъат қилмаган.
Бу ариқнинг боши ер тагидаги чашма-булоқлардан бошланиб, ер тагидан қайнаб чиққани учун сув ўта шифобахш ҳисобланган. Ариқнинг бошланиш қисмидаги суви бугун ҳам шу даражада зилол, тиниқки, таърифга сўз ожиз. Шаҳар ичига кириб, бирор километр оққандан кейинги ҳолатини кўрсангиз, ифлосликни таърифлашга сўз тополмайди одам. Чунки ариқ сувининг сассиғига чидаш қийин бўлгани етмагандай, сув ўрнида қора бўтана, бадбўй нарса оқаётганини кўриб, ёқа ушлайсиз. Машина мойига ўхшаб кетадиган қоп-қора суюқлик сабаб ариққа яқин борсангиз, кўнглингиз айнийди.
Ариқ қирғоғида яшайдиганларнинг ишларини кўриб, табиат қолиб, Яратгувчи уларни фаросатдан қисиб қўйганига ачиниб кетасиз.
Чашма сувининг ҳарорати доимий мўътадил бўлиши, фойдали минераллар ва тузлар билан тўйинганлиги сабаб инсонни тинчлантириш ва унинг танасига ижобий таъсир қилиш хусусиятига эга эканлигини бугунги авлод билармиди?! Зотан, бугун чашма сўз сифатида қолаётган, унинг асл кўриниши унутилаётган бўлса...
Қиммат бўлса қадрли(ми?)
Ҳеч кимга сир эмас, айрим завод ва фабрикалар ишлатилган оқова сувларини ҳамон оқар сувга ташламоқда. Нега биз бу даражада тубанлашиб атроф-муҳитни, она табиатни чиқиндихонага айлантиряпмиз? Ахир биз онгсиз жонзот эмас, онгли мавжудотмиз-ку!
Менимча, бунга биринчи навбатда хотин-қизларимиз айбдор. Оқар сувларга чиқинди ташлаш мумкин эмаслиги, сувни ифлослантириш ўтакетган пасткашлик эканлигини фарзандларига улардан бошқа яна ким тушунтиради?
Яқинда Болтиқбўйи мамлакатида ишлаб келган бир танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, Европада тоза ичимлик суви захиралари меъёридан ортиқ ариқ ва каналлари оқар сувлар билан тўла бўлишига қарамай, ичимлик сувини ҳам, оқар сувни ҳам шу даражада қадрлаб, тежамкорлик билан ишлатишар эканки, асти сўраманг...
Хайриятки, 3-4 йиллардан буён сувни кўр-кўрона исроф қилишдан бироз тийилган уй бекалари кўпайди. Лекин эркатой боласининг бир оғиз сўзи учун катта бир бассейнни тоза ичимлик суви билан тўлдириб, битта-иккита дарахт барги тушгани учун тонналаб сувни оқизиб ташлаганлар ҳам йўқ эмас.
Айрим хотин-қизлар, келинчаклар эрталаб хонадони атрофини, кўчаларни супуриб, қанча чиқинди бўлса, ҳаммасини очиқчасига ариққа ташлайди. Шу масалани бир неча марта маҳалла фаолларига айтдим, лекин фойдаси бўлмади.
Яна ўтириб ўй сураман, қачонгача “Сен менга тегма, мен сенга” қабилида иш тутамиз? Ота-боболаримиз кўзларига тўтиё қилган она табиатга ҳужум қилишни қачон тўхтатамиз?
Саломат Маматқулова.