“Свет” ўчмаганда четга чиқмасдим”
“Етти йил хорижда ишладим, осон бўлмади. Ойлик вақтида берилмасдан, пулсиз қолган кунларим кўп бўлган. Четга чиқишимга қишлоқда “свет”нинг тез-тез ўчиши сабаб бўлган”.
Нарпайлик тадбиркор Бахтиёр Худойбердиев хорижда ишлаб, бошидан кечирган қийинчиликлари, сабр билан орттирган тажрибаси ва бугунги фаолияти ҳақида гапириб берди.
- Қишлоқда мактабни битириб, касб-ҳунар коллежида ўқидим, - дейди у. – Олий ўқув юртига кириш насиб қилмади. Коллежнинг дипломи билан иш топиш катта муаммо эди. Бир ҳунармандга шогирд тушиб, дурадгорлик билан шуғуллана бошладим. Кейинчалик ўзим мустақил мебель цехини ташкил қилдим, аммо ўша пайтлардаги электр энергиясидаги узилишлар эркин ишлашга йўл бермади. Хорижга кетишга мажбур бўлдим. Чет давлатда ишлашнинг ҳам ўзи бўлмади. Ойликни вақтида ололмаган, пулсиз қолиб кетган кунларим кўп бўлди. Ватанга қайтсам корхона очишни ва биринчи навбатда, ишчиларга хизмати, мсеҳнатига яраша ҳақ беришни мақсад қилдим.
Бахтиёр юртига қайтиб мақсадига эришди. У ташкил қилган корхонада 10 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилади ва барчаси ундан рози.
Хорижда турли ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат қилдим, - дейди Б.Худойбердиев. – Бир кичикроқ цех ташкил қилишга етарли маблағ тўпладим. Асосийси, тажриба орттирдим. Хорижга 2010 йил кетган бўлсам, 2017 йилда ота-онам уйга қайтишимни, Ўзбекистондаям тадбиркорлик қилиш учун қулай шароитлар яратилаётганини, “свет” ўчмаётганини айтди. Юртга қайтиб, бозорни ўргандим ва отамнинг ҳовлиснинг бир қисмида полиэтилен пакет ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Мана, шундан буён фаолиятимиз кундан-кунга кенгайиб боряпти. Корхонамиз йилига 1 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Бахтиёр Худойбердиев хорижда орттирган тажрибасига таяниб, келгусида фаолиятини янада кенгайтиришни, янги лойиҳаларни амалга ошириб, қишлоқ одамлари учун кўплаб иш ўринлари яратишни мақсад қилган.
Дилшода Юсупова,
Бахтиёр Мустанов,
Ҳусан Элтоев (видео, фото).