Табиат кечирмайди, енгилгина афв этиб қўя қолади, холос

Бу ҳақиқатга мисолларни хоҳлаганча келтиришимиз мумкин. Қолаверса, кўп ва хўб ёзаяпмиз ҳам. Қонунларимизни табиат муҳофазасига мослаштиряпмиз. Экологик ҳаракат бўйича алоҳида сиёсий партия вужудга келди. Аммо…
Ҳамон ариқлар устига иморатлар қурамиз, ариқларни кўмиб ташлаймиз, дарахтларни кесамиз, экилган ниҳолларни парваришсиз қуритамиз, сувни исроф этамиз, атроф-муҳитни чиқиндига тўлдирамиз. Хўш, аҳволни ўнглаш учун нима қилмоқ керак?
Унинг ягона йўли табиатга нисбатан нуқтаи назарни ўзгартирмоқдир. Ваҳоланки, ободончилик, саранжом-саришталик, табиатга меҳр борасида аждодларимизда тажриба йўқ эмас. Бунинг учун узоққа бориб ўтирманг, "Бобурнома"ни ўқинг, испан элчиси Клавихо де Гонсалес хотираларини ўқинг. Ёки бўлмаса, ўғил фарзанд туғилганда ота-боболаримиз ҳовлига 16 та терак ва 2 та мевали дарахт кўчати экиш анъанасига амал қилишганини эсланг. Ҳеч бўлмаганда, вилоят ҳудудида очарчилик бўлганда жуда кўпчиликни Самарқанд шаҳридаги хонадонларда ўсиб турган тут мевалари ўлимдан сақлаб қолганини эслайлик. Биз эса… ҳамон аросатдамиз.
Айтиб чарчамайман бу гапни: Самарқанднинг об-ҳавосини мўътадил қилиб турган еттита сой бугун йўқ. Улар тоғдан Зарафшон дарёсига қараб тушган, сув бўлмаганда ҳам тоза ҳаво келтириб, шаҳар иқлимини мўътадиллаштириб турган. Шаҳарда ариқлар масаласи бўйича алоҳида гуруҳ тузилгандан кейин ҳам аҳвол ўнгланмаяпти. Ариқларимиздан сув эмас, чиқинди ва балчиқ оқяпти. Албатта, кўрилаётган чоралар туфайли айрим ҳудудларда аҳвол яхшиланди. Лекин бу ҳали етарли эмас. Ҳар бир фуқаро ўз ариғидан тоза сув оқишини исташи ва таъминлаши зарур. Бу ақидага риоя қилмаганлигимиз, табиат қонунларини менсимаганлигимиз учун ҳам ҳар йили ёмғир ёғса, кўлмаклару тошқинлар ичида қоламиз. Ва бунинг учун бир-биримизни айблаш билан оворамиз. Ваҳоланки, шаҳар ичидаги ариқ ва каналларни тозалаш режалари аҳолига ошкора этилса, бу ишга жамоатчилик жалб этилса, қатъиятлилик қилинса, барча сув манбалари атрофини рисоладагидек қилиш имконияти мавжуд.
Электр энергияси масаласида ҳам худди шундай фикрдаман. Бизни табиат жазолаяпти. Кўмиру газдан ҳосил қилинган электр энергияси, аввало, қиммат ва эҳтиёжимизга етмаяпти. Йиллар давомида муқобил энергия ҳақида ўйламадик. Энди эса дўппи тор келганда, бир-биримизга таъна тоши отяпмиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, сув масаласида ҳам шундай вазият юзага келиши мумкин. Биз токи айрим илғор, тежамкор мамлакатлардагидек томчилатиб суғориш тизимини қўлламасак, ичимлик сувининг қадрига етмасак, исроф қилаверсак, бу борада ҳам мушкулотларга дуч келишимиз тайин. Чунки табиат унинг қонунларига бўйсунмаганларни ҳеч қачон кечирмайди, уларнинг олдига турли муаммоларни кўндаланг қилиб қўяверади. Мабодо ҳаётимизда бундай муаммолар бўлишини истамас эканмиз, табиатни асрашга муносабатимизни ўзгартиришга мажбурмиз.
Ўлмас Сайдинов.