Табиий газ қувурига ноқонуний уланиб олган “тадбиркор” ушланди
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Самарқанд тумани “Қайнама” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Gold invest” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлган пардозлаш ғишт пишириш цехида табиий газдан фойдаланиш тартиби ўрганилди.
Аниқланишича, “Gold invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Т.Туранов Самарқанд тумани ҳудудида жойлашган 3-сон саноат зонасига ўтиб кетадиган Паст Дарғом тумани аҳолисига табиий газ етказиб бериш учун мўлжалланган 426 диаметрли қувурга 20 диаметрли шланг орқали ноқонуний уланиб олганлиги маълум бўлди.
Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан тақдим қилинган хулосага кўра, 99.367.36 метр/куб табиий газ учун 99 млн. 367 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Т.Турановнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 185(2)-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари бўлса-да, мазкур модданинг 6-қисмида биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан 30 кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши тушунтирилди.
Қилмишининг оқибатини яхши тушунган “Gold invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Т.Туранов томонидан давлатга етказилган зарар қоплаб берилди.
Мажбурий ижро бюроси
Самарқанд вилоят бошқармаси.