Тадбиркор ери 11 гектар ўрнига 20 гектар "бўлиб қолган" ва солиқ билан боғлиқ муаммо юзага келган
Кадастр идораларига қилинган мурожаатлар эътиборсиз қолдирилгандан сўнг Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатувчи "Зафар инвест" (номи ўзгартирилган) МЧЖ вакили Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Аниқланишича, корхона томонидан 2021-2022 йилларда аукцион орқали Нуробод тумани Оқсой маҳалласидан 3 та лот бўйича умумий майдони 11 гектар ер майдони туризмни ривожлантириш мақсадида ижарага олинган.
Бироқ Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизимида (UZKAD тизими) корхонанинг ер майдони 11 гектар ўрнига 20 гектар қилиб кўрсатилган. Оқибатда солиқ органлари томонидан ҳисоботларни тақдим этиш талаб этилган.
Яъни, Солиқ кодексининг 426-моддасида рекреация аҳамиятига молик ерлар – аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш учун тегишли муассасалар ҳамда ташкилотларга берилган ер участкалари солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги белгиланган бўлса-да, UZKAD тизимида нотўғри киритилган 9 гектар ер майдони учун солиқ ҳисобланиши талаби қўйилган.
Корхонанинг ушбу масала юзасидан кадастр идораларига мурожаатлари эса эътиборсиз қолдирилиб, масала ижобий ҳал этилмаган.
Бизнес-омбудсман девони ходимлари аралашуви билан UZKAD тизимига корхонанинг ер майдони 11 гектарлиги тўғрисида маълумот киритилиб, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқи тикланган.