Тадбиркорлар чинорларни кесиб, сузиш ҳавзасини “Афсона”га айлантирмоқчи(ми?)

Аслида Самарқанд шаҳридаги “Парк-озеро” номи билан юритиладиган «Афсона» сув ҳавзасида ўтган йили февраль ойида қурилиш ишлари бошланганди.

Ўшанда қурилишга масъуллар 1 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда болалар ва катталар учун чўмилиш ҳавзаси, енгил тамадди қилиб олишга мўлжалланган кафе, спорт-соғломлаштириш маркази қурилишини билдиришганди. Шунингдек, умумий қиймати 1,5 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш учун хориж тажрибасидан самарали фойдаланилаётгани айтилганди.

Аммо орадан кўп ўтмай, сув ҳавзаси ҳудудида “Александр” меҳмонхонаси маъмурияти ва улар жалб қилган қурувчилар томонидан кўп йиллик чинорнинг ҳеч қандай рухсатсиз кесилганлиги кенг муҳокамаларга сабаб  бўлганди.

Воқелик ортидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги котибият мудири Улуғбек Облоқулов ҳамда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходими Алишер Муҳаммадиевни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича маъмурий судга мурожаат қилинганди.

Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ва тизим бошқарувида қўпол хатоликларга йўл қўйганлиги учун вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Негматов эгаллаб турган вазифасига нолойиқ эканлиги қайд этилганди.

Мазкур ҳудудда 2019 йил 15 июл куни ижтимоий тармоқларда тарқалган дарахтларни ноқонуний кесилганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган. Бу бўйича вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўрганилганда “Alexsander Hotek” МЧЖ директори Акбаржон Қутбетдиновнинг топшириғига асосан диаметри 40 ва 60 сантиметр бўлган тут дарахтлари тегишли рухсатномасиз кесилганлиги аниқланган.

Бунинг оқибатида ўсимлик дунёсига 40 миллион 546 минг сўм зарар етказилган.

Шунингдек, фуқаро Машраб Каримов томонидан (эътибор қилинг тадбиркорлик субъекти ҳудудида оддий фуқаро) диаметри 28 ва 48 сантиметр бўлган чинор дарахтлари рухсатсиз кесиб олинган ҳамда ўсимлик дунёсига 26 миллион 354 минг 900 сўм зарар етказилган.

Ҳар икки ҳолат бўйича етказилган зарарни ундириш учун иқтисодий судга даво аризаси киритилган. Ҳуқуқбузарлардан, жумладан, Акбаржон Қутбетдиновдан 2 миллион 27 минг 300 сўм, Машраб Каримовдан 1 миллион 216 минг 380 сўм маъмурий жарима ундирилган.

Орадан ҳеч қанча ўтмасдан, яна ўша “Афсона”да икки туп чинор дарахтига зиён етди. Бу сафар Ўктам Қутбиддиновнинг топшириғи билан чинорлар ноқонуний кесиб ташланди.

“2020 йил 20 март куни соат 22:30 ларда ёмғир ёғаётган вақтда икки туп чинор дарахтини дарахт кесувчиларга ўзим айтиб, кестирдим”, дейди  «MALAXIT PLUS» МЧЖ директори Ўктам Қутбиддинов.

У ўзининг хатти-ҳаракатларини хаспўшлаш учун “Чинорларни сув қувурининг кириш қисмида халақит бериб тургани учун кестирдим. Ушбу ҳолат қонунга зид эканлигини билмасдим”, дейди. Янаям ажабланарлиси, “ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ўз ихтиёрим билан тўлаб бераман”, деган.

Албатта, ҳолат юзасидан хужжатлар расмийлаштирилиб, ўсимлик дунёсига етказилган 44 миллион 600 минг сўм зарарни ундириш учун иқтисодий судга ҳамда дарахтни ноқонуний кесгани учун жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун маъмурий судга мурожаат қилинган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасида дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Демак, “Афсона”да “халақит бериб турган” икки туп чинорни кесгани учун тадбиркор 50 миллионни нари-берисидаги жарима билан қутулиб қоларканда?

Бизнингча, дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш бўйича акция эълон қилинган бир даврда “билмайдиган” бундай тадбиркорларга жиддийроқ чора кўриш масаласини ўйлаб кўриш керак.