Тадбиркорлар учун - 1 миллион сўм, ёшлар учун - бепул
Шу йилнинг ўтган олти ойида Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ҳамда “MFaktor” ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб маҳоратли ва ёш тадбиркорлар иштирокида “Бизнес марафон” ташкил этилди. Ушбу марафоннинг финал манзили Самарқанд шаҳрининг «Family Park» мажмуаси бўлди.
“Ўзбекистон ёшлари форуми - 2021” ҳафталиги доирасидаги мазкур “Бизнес марафон”да республикамиздаги энг илғор тадбиркорлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
- Бизнесимни 1997 йил бошлаганман, - дейди "Mfaktor" ва "Deli. uz" лойиҳалари асосчиси Ҳусан Мамасаидов. – Уни ривожлантириш учун кўп қийинчиликлар, молиявий йўқотишларга дуч келганмиз. Бугунги кунда мингдан ортиқ иш ўрни яратганман. Тадбиркорлик билан боғлиқ тренинглар ўтказамиз. Биргина бизнес савдосини ошириш масаласига бағишланган ёпиқ тренингимизга тадбиркорлар 1 миллион сўм тўлаб киради. Бугун Самарқандга келиб ёшларга шу ва бошқа мавзулардаги маҳорат дарсларини бепул ўтяпмиз.
- Тадбиркор бўлишни истайман, - дейди каттақўрғонлик Улуғбек Нарзуллаев. - Бугунги тадбирда қатнашиб, биргина истак билан мақсадга эришиб бўлмаслигини англадим. Тажрибали бизнесменлар бизга тадбиркорликни бошлаш, бизнес-режалар тузиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида тушунчалар берди.
Марафон давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Энг яхши савол эгаларига спикерлар томонидан пул мукофотлари, “IELTS” имтиҳонини топшириш учун бепул йўлланмалар тақдим қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов иштирок этди.
Муниса Шамсиева.