Тадбиркорлар учун фойдали мулоқот

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, қўмита ҳузуридаги малака ошириш маркази, “Soliq plus” газетаси ва вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида солиқ соҳасидаги ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун яратилган имтиёзлар ва қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаш тартибларига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда вилоятимизда фаолият олиб бораётган 200 нафарга яқин тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг бош ҳисобчилари иштирок этди.

Давлат солиқ қўмитаси мутахассиси Комил Саидов, қўмита ҳузуридаги малака ошириш маркази катта ўқитувчиси Содиқ Боймуродовлар Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар, Солиқ концепциясининг қабул қилиниши солиққа тортиш механизмини соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқ турларини янада оптималлаштиришда муҳим асос бўлганини таъкидлашди.

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳисобчилар учун давлат бюджетига ундириладиган солиқ ва бошқа мажбурий ажратмаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари, муддати хусусида батафсил маълумот берилди.

Солиқ концепциясининг қабул қилиниши билан боғлиқ ўзгаришлар ва янгиликлардан хабардор бўлишда бу каби тадбирлар биз учун жуда муҳим ўрин тутмоқда, – дейди бош ҳисобчи Содиқ Абдурасулов . – Айниқса, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш тартиб-таомили, ҳисоботларни топшириш борасида туғилаётган саволлармизга атрофлича жавоб оляпмиз. Фаолиятимиз давомида дуч келаётган масалаларга ечим топишда мутахассислар билан ташкил этилаётган бу каби мулоқотлар жуда асқатмоқда. Солиқ соҳасидаги ўзгаришлардан доимо бохабар бўладиган, соҳага доир билим ва кўникмаларини мунтазам мустаҳкамлайдиган тадбиркор муаммоларга асло дуч келмайди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар фаолияти давомида дуч келинаётган муаммоларни айтиб, саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олишди.