Тадбирларни фақат ойлик доирасида эмас йил давомида ўтказиш яхши самара беради
Самарқанд шаҳрида жойлашган 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида вилоят Миллий гвардияси бошқармаси томонидан ватанпарварлик ойлиги доирасида “Ватан ҳимояси - муқаддас бурч” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Ватанни қўриқлаш шарафли ва маъсулиятли иш эканлиги, ҳар бир инсон қалбида юртга садоқат туйғуси жўш уриб турса, ҳеч бир ёв кўз тиколмаслиги хусусида сўз юритилди.
- Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш қилинган спорт ўйинлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди, - дейди майор Жаҳонгир Пўлатов. –Ватан ҳимоячиси, ҳарбий бўлишга қизиқиш уларнинг юз-кўзларидан сезилиб турди. Қалби қайноқ ёшларимиз билан суҳбатлашиб, бу каби тадбирларимизни фақат ойлик доирасида эмас балки, йил давомида ўтказиб туришимиз зарурлигини англаб етдим.
- Бугунги тадбир менда катта таассурот қолдирди, - дейди шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ҳусанбой Зиёвуддинов. - Ҳарбий акаларимизнинг қўл жанги бўйича чиқишлари бизни ҳайратда қолдирди. Мен ҳам келажакда Ватан ҳимоячиси, ёш гвардиячиси бўлишни мақсад қилдим.
Тўлқин СИДДИҚОВ.