Тафаккур мулкини ҳимоя қилиш келажакка пойдевор яратади
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасига мувофиқ, “Ҳар ким ўзи муаллиф бўлган илмий, адабий ёки бадиий асарлардан келиб чиқадиган маънавий ва моддий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақлидир”. Шунга кўра, бутун дунёда муаллифлар ва уларнинг ҳуқуқий ворислари манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ривожланган давлатлар иқтисодиётининг пойдеворини ташкил этади.
Агарда, бугунги кунда дунёда йилига интеллектуал мулк объектларига бир миллионга яқин патент берилса, технологиялар, илмий тадқиқотлар ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган инвестицияларнинг ўсишига қарамай, мамлакатимизда йилига атига 4 минг 500 атрофида интеллектуал мулк объекти, жумладан, 2 мингдан зиёд товар белгилари рўйхатдан ўтади. Улардан бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилган.
Инновацион ва рақамли технологияларга асосланган ишлаб чиқаришга ўтиш, янги авлод муаллифларини тарбиялаб, вояга етказиш вазиятни ўзгартириши мумкин.
Жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда илмий ишланмалар учун патент олиш бўйича талаблар эскириб қолганлиги, шунингдек, юртимизда қийматни баҳолаш тизими амалда ишламаётганлиги, бунинг оқибатида кўплаб ишланмалар тижоратлаштирилмай қолиб кетаётганлиги таъкидланди.
Долзарб муаммолардан яна бири - мамлакатимизда кенг тарқалган санъат ва адабиёт асарларидан муаллифнинг розилигисиз фойдаланиш, ундан ноқонуний даромад олиш ҳолатлари бўйича алоҳида тўхталиб, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиб, ойлик тўлов ундирадиган онлайн кинотеатрларда 30 мингдан ортиқ кино, сериал, қўшиқ, мультфильмлар жойлаштирилган бўлишига қарамасдан, бундан муаллифлар моддий манфаат кўрмаётганилиги айтиб ўтилди. Асосий масала, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз бўлиш ва қилмиш учун жазо чораларини кучайтириш таклиф этилди.
Умуман олганда, бутун дунёда бугунги кунда интеллектуал мулк объектларини кенгайтириш, объектларга ҳуқуқий режим бериш, ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини соддалаштириш орқали бутун дунёда бугунги кунда кодификация жараёни олиб борилаётгани кўзга ташланмоқда.
Маълумки, амалдаги Фуқаролик кодекси 6 бўлим, 70 боб, 1199 моддадан иборат. Фуқаролик кодексининг 4-бўлими бевосита интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазасига бағишланган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, республикамизда интеллектуал мулк ҳуқуқига оид нормаларнинг унификация қилинган тизимини Фуқаролик кодексида кўришимиз мумкин.
Кодексда биринчи марта интеллектуал мулкнинг таркибий қисми бўлган патент ҳуқуқи билан бирга муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга кенг ўрин ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10 сентябрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Айни вақтда кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганини тан олиш лозим. Масалан, аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос. Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги 1,9 фоизни ташкил этган. Ташкилотга аъзо давлатларда 2016 йилда эълон қилинган илмий мақолаларнинг қарийб 80 фоизи 7 та давлат ҳиссасига тўғри келган. Аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаётганини афсус билан қайд этиш лозим.
Ўйлайманки, фундаментал фан соҳаларини ривожлантириш, даврнинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар топишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратади”.
Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир мамлакат юқори иқтисодий ва ижтимоий даражага ҳамда жамиятнинг ҳаёт фаровонлигини ошириш учун интеллектуал мулк муҳофазасининг кучли тизимига эга бўлиши лозим. Интеллектуал мулк муҳофазаси ихтирочилар ва ижодкор истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, улар яратган янгиликлардан фойдаланиш учун бу соҳага инвестицияларни жалб қилиш орқали иқтисодиётни тараққий эттиришга кўмаклашади.
Интеллектуал мулкка оид миллий қонунчиликни кодификация қилиш, яъни тизимлаштириш мақсадида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларининг ўзаро халқаро алоқалари яхши самара бермоқда. Айнан шу мақсадда 2010 йил 7 апрелда МДҲ аъзо давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг ўттиз тўртинчи ялпи мажлисида МДҲ аъзо давлатлари учун “Интеллектуал мулк модел кодекси” қабул қилинди. Моделли кодекс 13 боб, 107 моддадан иборат бўлиб, унда интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳоафазаси бир тизимда жойлаштирилган. Ҳар бир бобда объектларнинг умумий муҳофаза йўналишлари алоҳида кўрсатилган.
Фуқаролик кодекси такомиллаштирилаётган даврда республикамизда кодексдаги интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ нормаларни ва соҳага барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жамлаб, алоҳида “Интеллектуал мулк кодекси”га бирлаштириш вақти келди. Бу кодексда соҳага оид халқаро-ҳуқуқий нормаларни ҳам акс эттириш ижобий натижалар бериши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, интеллектуал мулк объектлари бугунги кунда фуқаролик муомаласига энг кўп киритиладиган, катта даромад манби бўлган, бутун иқтисодиёни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарини янги технологиялар кўринишида жиҳозлашга кўмаклашадиган, инсон тафаккурини ўзгартириш ва янги билимлар тарқатишга асосланганлиги билан ажралиб туради.
Иқтисодиётни ривожлантиришда тадбиркорлик субъектларини инновацион фаолиятга жалб этиш, олимлар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга эришиш, интеллектуал мулк объектларини ишлаб чиқаришга жорий этиш йўлларининг турли шакл ва воситаларидан кенг фойдаланиш, миллий патентлар бозорини янада ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш, соҳага оид илмий изланишларни кенгайтириш, соҳада халқаро алоқаларни тобора кучайтириш, айниқса, интеллектуал мулк объектлари ва уларнинг яратувчилари бўлган муаллифлар ҳуқуқларини ягона “Интеллектуал мулк кодекси” орқали муҳофаза қилишга ўтишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Бугунги кунда интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини ҳамда муаллифлар ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилишини назорат қилиш, интеллектуал мулк объектларини фуқаролик муомаласига киритиш механизмларини излаб топиш, энг асосийси, соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш асосий вазифалардан бўлиб қолаверади.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш нафақат интеллектуал мулк ҳуқуқларини тан олиш, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ишланмалари ва асарларидан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилади, балки уларга ўз тафаккури натижасидан моддий манфаат олишга имкон беради. Энг асосийси, тафаккур мулки ҳимояга олинар экан, бу келажакнинг пойдеворини таъминлаш дегани.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.