Талабалар турар жойлари йил якунига қадар фойдаланишга топширилади
Бироқ СамДУ Каттақўрғон филиали вазиятни сукут сақлаб кузатишни маъқул кўряпти.
“Самарқандда қурилаётган талабалар турар жойлари белгиланган муддатда фойдаланишга топшириладими?” мақоласида тилга олинган олий ўқув юртлари ҳақиқий ҳолат юзасидан ўз муносабатларини билдирди.
Мисол учун, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтидан маълум қилишларича, олий ўқув юртида давлат хусусий шериклиги асосида 2 та талабалар турар жойи қурилиши белгиланган.
Хусусан, Самарқанд шаҳар, Рўдакий кўчаси, 229-уй манзилида “Самарқанд Шебен класс” МЧЖ томонидан 240 ва 600 ўринли талабалар турар жойини қуриш лойиҳаси қилинди. Ҳозирга қадар корхона ўз маблағлари ҳисобидан 8,3 млрд. сўм инвестиция киритиб, ётоқхонанинг 240 ўринли қисмини фойдаланишга топширди. Қолган қисми жорий йил якунига қадар фойдаланишга топшириши режалаштирилган.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида эса 2022-2025 йиллар давомида 3 та 1200 ўринли талабалар турар жойи қурилиши билдирилган.
Бунинг учун университет ҳудудидан 0.45 гектар ер майдони ажратилиб, 400 ўринли (1-босқич) ва 350 ўринли (2-босқич) талабалар турар жойи қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Айни кунда мазкур қурилиш ишларининг 23 фоизи бажарилган. 2,95 млрд. сўм маблағ сарфланиб, энг муҳим ва асосий иш - ертўла қисми тўлиқ битказилиб, 1-қават регеллар ва устунлар қуйилиш ишлари бажарилмоқда.
Бино жорий йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети давлат хусусий шериклик асосида 400 ўринли талабалар турар жойи қурилиши режалаштирилган. Мазкур объект қурилиши Сартепа маскани Туркистон кўчаси 12-уйда жойлашган Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми ҳудудида режа-жадвал асосида амалга оширилмоқда.
Яъни, ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича ташаббускор ”З-П-А” оилавий корхонаси ҳамда университет ўртасида белгиланган тартибда жорий йилнинг 12 июнь куни битим расмийлаштирилган бўлиб, бугунги кунда 5 қаватли талабалар турар жойи биносининг 3-қаватини қуриш ишлари давом этмоқда.
Талабалар турар жойини топшириш декабрь ойида белгиланган. Бинони қуриб битказиш ҳамда жиҳозлаш ишлари ноябрь ойи охирига қадар якунланишини режалаштирилган.
СамДУ Каттақўрғон филиалидан маълумот ололмадик.