Талабалар учун ярмарка ташкил қиламизми?
Бугун ҳамкасбим айтиб берган нарса мени жуда таажубга солди ва бугунги кунда долзарб мавзу бўлгани учун барча билан баҳам кўргим келди.
Ҳамкасбимнинг қизлари Францияга грант ютиб ўқишга кетди. Кечагина мактабни битирган қизалоқ мустақил ҳаётга қадам қўйди ва бу мустақил ҳаёт мусофирчиликда бошланди. Ота-онаси, оиласидан йироққа кетган бола табийки мусофирчликнинг илк кунларида оиласини соғиниб, ўзини ёлғиз ҳис қилаётганидан она хавотирда.
Бугун ҳамкасбим қизлари ва ниҳоят сал кайфияти кўтарилганини айтиб қолдилар, сабаби эса қуйидагича:
Франциянинг Страссбург университетига турли давлатлардан, турли миллат талабалари таҳсил олгани келар экан. Маҳаллий аҳоли шу талабаларни қўллаб-қувватлашнинг ажойиб йўлини топишган экан. Билмадим, эҳтимол бу тажриба бошқа давлатларда ҳам бордир, лекин бизда йўқлиги аниқ. Хуллас маҳаллий аҳоли талабалар учун яшашга зарур бўладиган маҳсулотлардан ташкил топган катта ярмарка ташкил қилишар экан. У ярмаркада зарур кийим-кечакдан тортиб, маиший техника (фен, электр чойнак, микротўлқинли печь ва ҳ.з.). Қизимизнинг айтишича, бу маҳсулотлар эски-туски нарсалар эмас, аксарияти янги, баъзилари эҳтиётлаб ишлатилган деярли янги экан. Табиийки узоқ масофадан келган, мустақил ҳаётга энди қадам қўйган бу инсонлар учун бундай ёрдам жуда аҳамиятли. Бундан ташқари, уларда егулик сотадиган қаҳвахоналарда ҳам талабалар учун алоҳида имтиёзлар мавжуд экан, масалан, талабалик гувоҳномасини кўрсатган талабага 10 сўмлик нарса 1 сўмга сотилар экан. Бу ишларнинг таг-замирида таълимни қўллаб-қувватлаш ётади.
Куни кеча Kun.uz нашрининг "Тошкентга қайтган талабалар" сарлавҳаси остида эълон қилинган фоторепортажини кўрдим. Фейсбук ижтимоий тармоғига жойланган пост остида ёзилган айрим изоҳларни ўқиб, ҳафа бўлдим. Кечагина мактабни битириб, не-не умидларда катта ҳаётга қадам қўйган, келажакда бир нарсага эришаман деб ният қилган, уйидан йироқда кетиб яшаётган ўзимизнинг юртдошларнинг фарзандларига муносабатимиз шундай бўлса. Аслида аксариятимиз мусулмонмиз — савоб қилиш ҳаётимиз мазмуни бўлиши керак аслида, уларга ёрдам қилиш ўрнига, уларни шундай қилиб ҳақоратлаб ўтирсак...
Юқорида айтиб берганим, бошқа бир миллат ва динга мансуб инсонларнинг ўз мллатдоши бўлмаган болаларга қилаётган савобли амаллари. Гапларим албатта ҳаммага тегишли эмас, уларни қўллаб-қувватлаганлар ҳам кўп пост тагида.
Бу постни ёзишимдан мақсад эса, эҳтимол биз ҳам ташаббус қилиб, ана шундай ярмаркалар ташкил қилишимиз ва мустақил ҳаётга қадам қўйган болаларимизни илмга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашимиз зарурдир. Бунинг учун бироз меҳр кифоя.
Хўш, шундай ярмарка ташкил қилинганида сиз ҳам қатнашармидингиз?
Лайло Рустамова.