Талабаларни турар жой билан таъминлаш қандай ҳал этиляпти?
Республикамиз олий таълим муассасаларида йилдан йилга квоталарнинг кўпайиши талабаларнинг турар жойларга бўлган эҳтиёжини ошириб юборди. Шунингдек, йиллар давомида талабалар учун ётоқхоналар қурилмагани, қурилиши керак бўлган лойиҳалар ҳам пайсалга солиниб келинаётгани талабаларнинг турар жой муаммосини авж олдирди. Кейинги йилларда талабаларга ҳатто ижара уйлар топиб бериш ҳам қийинлашди. Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойлари қуришга рухсат берилди.
Самарқандда қанча талабалар турар жойлари қурилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига киритилган ўзгартиш ва қўшимчага кўра, Самарқанд вилоятида 2022 йилдан 2025 йилгача 20 та жами 8000 ўринли талабалар турар жойлари қурилиши режалаштирилди. Шундан Самарқанд давлат университетида 5 та, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ва Самарқанд давлат тиббиёт университетида 3 тадан, Самарқанд давлат чет тиллар, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтлари ва Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида 2 тадан, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ва Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида 1 тадан талабалар турар жойлари қурилиши кўзда тутилмоқда. Хўш, бу йил режада белгиланган қурилишларнинг қанчаси амалга оширилди? Бу йил талабаларнинг неча фоизини турар жой билан таъминлай оламиз? Олий таълим муассасаларида турар жойга муҳтож талабаларга қандай амалий ёрдам кўрсатилади? Шу каби саволлар билан вилоятимиздаги олий таълим муассасаларига мурожаат қилдик.
“618 нафар талабанинг 30 фоиз ижара пулини тўлаб бердик”
- Янги ўқув йилидан Самарқанд давлат университетида бакалавриатнинг кундузги шаклида таҳсил олувчи талабалар сони 14484 нафарни ташкил этади, - деди университетнинг талабалар турар жойлари ишларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Ҳусниддин Низомов. – Аммо бизда ҳозирча минг ўринли 3 та талабалар турар жойи мавжуд. Аввало, узоқ вилоятдан келган, ўтган йили ўқишини ўзининг яшаш ҳудудига кўчира олмаган талабаларни ва кам таъминланган оила фарзандларини ётоқхоналарга жойлаштирамиз. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан университетимизда талабалар турар жойлари ишларини мувофиқлаштириш бўлими ташкил этилган бўлиб, унда тўрт нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Талабалар турар жойлари билан таъминлай олмаган талабаларимизга Ижара СамДУ телеграм канали очилган бўлиб, биз унга ижарага қўювчи хонадон соҳибларининг эълонларини бериб борамиз.
Бундан ташқари, ижара шартномаси асосида истиқомат қилувчи талабаларнинг 30 фоиз ижара пулларини тўлаб берамиз. Масалан, ўтган ўқув йилида 618 нафар талабанинг ижара пулининг 30 фоизини тўлаб бердик. Шунингдек, айни кунда ҳар бири 300 ўринли бўлган иккита давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойлари қуриляпти. Улардан бири яқинда фойдаланишга топширилади.
“Маҳаллалардан 200 га яқин ижара манзиллари захира қилинди”
- Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида иккита талабалар турар жойлари мавжуд, - деди университетининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Алибек Гаппаров. - Улардан 450 ўринли 1-сон талабалар турар жойлари ўқув йили олдидан жорий таъмирдан чиқарилди, талабаларни қабул қилишга тайёр. 375 ўринли 2-сон талабалар турар жойи янги ўқув йили олдидан капитал таъмирлаш ишларининг сўнгги босқичи якунига етказилмоқда. Шунингдек, университетда талабаларни турар жой билан таъминлашни мувофиқлаштирувчи бўлим ташкил этилган бўлиб, 3 нафар ходим 14 нафар тьюторлар билан мунтазам ишлайди. Улар томонидан яқин ҳудудлардаги маҳаллалардан ижара манзиллари захира қилинган. Захира қилинган ижара хонадонлари сони 200 тага яқин бўлиб, жами 1000 нафарга яқин талабани қамраб олади.
Университетнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар сони 4360 нафар бўлиб, уларнинг 825 нафари (19 фоизи) ётоқхона билан таъминланган.
Бундан ташқари, 2022 йил 20 июль куни давлат-хусусий шериклик асосида университетда 500 ўринли янги талабалар турар жойи қурилиши учун тендер ўтказилиб, унда “Қобил қурувчи сервис” МЧЖ ғолиб бўлди. Бугунги кунда қурилишнинг лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланиб, кейинги босқич ишлари олиб борилмоқда.
“10 кишидан иборат штаб ташкил этганмиз”
- 1100 нафар атрофида талабамиз бор, аммо бизда талабалар турар жойи мавжуд эмас, - дейди Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари Элбек Тоғаймуродов. – Шу сабабли талабалар филиалимизга яқин маҳаллаларда ижара уйларда истиқомат қилишади. Биз ўтган йилдан бошлаб талабаларга ижара хонадонлари топиб беришга кўмаклашяпмиз. Бунинг учун 10 кишидан иборат штаб ташкил этганмиз. Штаб аъзолари йил давомида талабаларнинг ижара хонадонларида яратилган шарт-шароитларни ҳам ўрганиб боради. Талабалар асосан Оқдарё туманидаги Даҳбед, Бозоржой, Пахтаобод маҳаллаларида ва Қорасув массивида истиқомат қилишади.
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида битта талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, яқинда жорий таъмирдан чиқарилди, - деди филиалнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари Ҳасан Турдибеков. - Талабалар турар жойи 180 нафар талабага хизмат кўрсатади. Унда талабалар учун дарслик, бадиий китоблар, ижтимоий-сиёсий адабиётлар мавжуд бўлиб, 40 киши учун мўлжалланган ўқув залига эга. Талабалар ётоқхонасига кам таъминланган оила фарзанди, боқувчисини йўқотган кўп болали оила аъзоси, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлганлар (чин етим), оиласида икки ва ундан ортиқ тўлов-контракт асосида таълим олувчи талаба, “Темир дафтар”га тушган оила фарзанди, узоқ вилоятлардан келган талабаларни жойлаштирамиз.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 563-сонли қарорига асосан, филиалда 2024 йилда 400 ўринли давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойи қурилиши режалаштирилган.
***
Бундан ташқари, Республика Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасаларининг 60 фоиз талабаларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара ҳақининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун ижара ҳақининг бир қисми қоплаб берилади.
Ҳали бу борада бажарилиши керак бўлган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар бир талай. Фақат масъуллар талабаларни турар жой билан таъминлашда адолат тарозисини тўғри қўйса, ҳар хил гап-сўзлар авж олмайди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.