Таълим кредити қанча муддатга берилади, унга қандай ҳужжатлар керак?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Марказий банк ахборот хизмати раҳбари Акмал Назаров иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган айрим саволларга жавоб қайтарилди:

“Оиламиздан икки киши ўқишга топширганмиз. Агар шартнома асосида ўқишга кирсак, тўлаш учун таълим кредити олишимизга тўғри келади. Таълим кредити олишнинг тартиби ҳақида маълумот берсангиз”.

- Тaълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун уларнинг ўзига, ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.

Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриатга қабул қилинган талабаларга — 10 йилгача, магистратура босқичи талабаларига — 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

 Ҳозирги карантин даврида таълим кредити ажратиш хизматини масофавий равишда кўрсатилиши тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.

Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи банккa қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома. Ушбу шартномада ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим.

г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оила фарзандлари тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Кредит қайтмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиши лозим:

мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;

учинчи шахс кафиллиги;

суғурта компаниясининг қарз олувчи кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (бу ҳужжат фақат чин етимлар ва “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун сўралади).

Таълим кредитини олиш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги 318-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом”да ва тижорат банкларининг расмий веб-сайтларида келтирилган.