Танқисликдан – тўкинликкача: “Бемор онамга битта балиқ топа олмаганман”
“Собиқ иттифоқ даврининг сўнгги йиллари эди. Туман марказидаги гастрономга балиқ келибди, деган хабар тарқалди. Шифохонада ётган онам раҳматли, мучали балиқ бўлгани учунми ё парҳез таомлиги учунми, балиқни жудаям хуш кўрар эди. Эшитибоқ гастрономга чопдим, - дея ҳикоя қилади пастдарғомлик Шомурод Қурбонов. - Борсам навбат.
– Хотиним бошқоронғи эди. Ўтказвормайсизми, – илтижоли қараш қилади жунжикиб ортимда турган йигит.
– Сенинг хотининг экан, бу ердагиларни ўзлари балиққа “бошқоронғи” кўринади, қара уларни. Бугунлар навбат тегмас-ов.
Умидсиз қайтаман. Шифохонага балиқ ўрнига нон орасига кабоб қўйдириб борсам, хотиним аллақачон балиққа кетганимни айтиб, онамдан “суюнчи” олган экан.
– Балиқ олиб келдингми, – энтикиб қўлимга қарайди онам. Хижолатдан қизариб, “Эртага албатта олиб келаман”, дейман. Эртасига борсам балиқ тала-тала бўлиб кетибди. Келгуси гал яна балиқ келгунича онам раҳматли овқатдан қолди... Роса алам қилган. Ўша пайтлар фақат балиқ эмас, товуқ гўшти, лимон, асал, ҳатто хурмо ҳам тансиқ эди. Бугун бозор тўла балиқ, товуқ, бедана гўшти, ўзимнинг томорқамда ҳам иссиқхонам бор, лимон, кўкат уйдан чиқяпти”.
Дарҳақиқат, Шомурод аканинг “юракни эзадиган” бу ҳикоясидаги реал воқелик - озиқ-овқат тансиқлигидан сероблигигача бўлган йўл ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ. Бу борада мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг марказий ўринларидан бўлиб, ушбу соҳада аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича стратегик жиҳатдан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
- Маълумки, мустақилликкача собиқ иттифоқ таркибида бўлган мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида асосан битта экин - пахта етиштириларди, - дейди қишлоқ хўжалиги фидойиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Ҳосилов. - Ўзбекистонни озиқ-овқат билан тўла таъминлаш борасида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас эди. Шу сабабли асосий озиқ-овқат товарлари, жумладан, буғдой, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, шакар ва бир неча турдаги мева ҳамда картошка четдан келтириларди. Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида интенсив усулда боғ ва токзорлар барпо қилиш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва такрорий экинлар экиш орқали намоён бўлиб, дастурхонимиз тўкин бўлишида катта ўрин тутмоқда. Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, биз каби фермер ва миришкорлар учун ҳам ҳуқуқий мезон, ҳам интилишлар гарови бўлмоқда.
30 сентябрь куни Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат йўналишидаги субсидиялар белгиланди. Бу билан биз, деҳқонларга янги имкониятлар берилди ва янги ташаббусларимизга асос яратилди. Энди ҳудудларда шу йўналишда кўчат етиштириш ва намунавий боғлар, интенсив мевали боғ ва узумзорлар кўпаяди, «in-vitro» усулида яратиладиган кўчатлар сони кўпаяди. Шу асосда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми ошади, нархи арзонлашади.
Самарқанд вилояти ушбу йўналишда ички ва ташқи бозорни арзон ҳамда сифатли озиқ овқат маҳсулотлари билан таъминлашда республикада етакчи ўринларда қайд этиладиган ҳудудлардан бири бўлиб, вилоятда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан мунтазам ошириб боришга асосланган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бир неча йил аввал фақат байрамларда дастурхонимизни безаб турувчи тансиқ ҳисобланган ноз-неъматлар, бугун аҳолининг кундалик хариди сарасига кириб, оилавий рационини тобора бойитиб бормоқда.
Шу ўринда вилоятда озиқ-овқат саноати йўналишидаги дастурларнинг самараси сабаб, ўтган йили билан жорий йилги кўрсаткичларни таққослаганда ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошганлигини кузатишимиз мумкин. Жумладан, вилоят ғаллакорлари томонидан дон маҳсулотлари етиштириш 2023 йилда 713 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 937 минг тоннага етган, сабзавот етиштириш борасида эса 2023 йил 1 млн 600 тонна маҳсулот етиштирилган бўлса, 2024 йилда ушбу маҳсулот тайёрлаш ҳажми 1 млн 639 минг тоннани ташкил этади. Ўзбекнинг “иккинчи нони” деб аталувчи картошка ҳам Самарқанд заминида 2023 йилда 760 минг тонна етиштирилган бўлса, 2024 йил 761 минг тоннага етказилган. Полиз маҳсулотлари 2023 йил 172 минг тонна тайёрланган бўлса, 2024 йил 190,9 минг тоннадан ошмоқда. 2023 йилда 388 минг тонна мева етиштирилган бўлса, 2024 йилда 395,7 минг тонна маҳсулот йиғиб-териб олинган. Умуман, барча йўналишларда ўсиш суръати ўртача 105 фоизни ташкил этмоқда.
Шу ўринда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш инфратузилмалари табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари, ер унумдорлиги ҳолати, сув тансиқлиги каби омиллар билан ҳисоблашишга мажбур. Биз узоқ йиллар ер, тупроқ ҳолати билан ишимиз бўлмай, сувни тежамай, фақат “план”ни бажариш учун деҳқончилик қилдик. Албатта, бу “ура-ура”чиликлар ўз таъсирини кўрсатиб, тупроқ унумдорлиги пасайди, сув танқислиги юзага келди.
Кейинги йилларда бу масалада табиий ресурсларни иқтисод қилган холда инновацион, ностандарт ечимлар ва амалиётлар қўллаб, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда аниқ маълумотларга асосланган қишлоқ хўжалигини юритиш усуллари қўлланилмоқда. Сенсорлар ва дронлар воситасида агротехник тадбирлар, сув тансиқлигининг олдини олиш ва уни бошқаришнинг илғор технологиялари қўлланилмоқда. Бу борада вилоятда 2024 йилда 10,1 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Суғориш тизимларини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида ирригация ва мелиорация тадбирлари олиб борилди. Бундан кутилаётган натижа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган экин майдонларида тупроқ унумдорлиги ошириш, ўсимлик учун қулай бўлган сув ва ҳаво, ҳарорат ва озиқ режимини, атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида ҳавонинг ҳарорати ҳамда ҳаракатини яхшилаш. Пировард мақсад ҳосилдорликни ва маҳсулот ҳажмини оширишдан иборат.
Аграр соҳанинг яна бир муҳим тармоғи - чорвачилик соҳасини ривожлантириш ҳам эътибор марказимизда. Бу орқали асосий озиқ-овқат товарлари - гўшт, тухум, сут, асал, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имкони ошади. Нархлар барқарорлиги таъминланади.
Бу борада жорий йилда вилоятдаги барча тоифадаги хўжаликларда гўшт етиштириш 151 минг тоннани ташкил этиб, ўтган 2023 йилга нисбатан 103,8 фоизга, сут ишлаб чиқариш 690 минг тоннани ташкил этиб, 102,5 фоизга, 525,9 млн донани тухум ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 106,1 фоизга ошган.
Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Одилхон Бақоевнинг айтишича, ҳозирги кунда вилоятда 1 минг 266 та чорвачилик фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан 874 та қорамолчилик йўналишида, 155 та қўйчилик йўналишида, 213 та паррандачилик йўналишида ва 20 та қуёнчилик йўналишида фаолият юритади. 2024 йил якунига қадар эса чорвачиликни ривожлантириш бўйича яна 82 та лойиҳани ишга туширилиши режалаштирилган. Жумладан, пахта-ғаллачилик кластерлари томонидан қорамолчилик комплексларини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 364 млрд сўмлик мол бош сони 10 минг 500 бош бўлган 12 та лойиҳа шакллантирилиб, улар йил якуни билан амалга оширилиши режалаштирилган. Мақсад - вилоятда ички истеъмол бозорларини чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдириш.
Албатта, аҳолининг истеъмолида гўшт, тухум, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар бўлиши катта ўрин эгаллайди. Ҳозирда бу каби маҳсулотлар нотансиқ истеъмол товарлари ҳисобланиб, исталган жойдан чўнтакбоп нархга топиш мумкин.
Юқорида санаб ўтилган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, аҳолининг соғлом овқатланишида, дастурхони тўкин бўлишида, бир сўз билан айтганда, фаровонлигини ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Зеро, жаҳон ҳамжамиятида Янги Ўзбекистоннинг жозибадор имижини белгилаётган восита - “инсон қадри учун” тамойили ҳам, фуқаролар соғлиғи ва ҳаётини яхшилаш, уларнинг фаровонлигини оширишга асосланади.
Шуҳрат Нормуродов.