Ёшларга етволинг – бошқа йўл йўқ
Тан олинг, бугун фарзандингиз билан шуғулланишга, унга тарбия беришга кучингиз етмаяпти. Табиийки, гап жисмоний куч ҳақида эмас. Масала анча чуқур ва кўпинча ўзимиз тан олмайдиган ҳолатга келди.
Одатда биз ёшлар тарбияси деганда фақат насиҳат беришни тушуниб қолдик. Узоқ йиллик бундай тарбия, яъни юқоридан туриб, уларни ҳар томонлама бошқаришга уриниш қобиғидан чиқиб кета олмаяпмиз. Ёшларни китоб ўқимаслик, меҳнат билан етарли шуғулланмаслик ва қатор қусурлари ҳақида гапириш, бундан ёзғириш асосий мавзуимизга айланган, десам хато бўлмайди.
Тўғри, бу масалада ютуқли томонларни ҳам айтиб ўтамиз. Аммо аксар ҳолатларда умумий қарашларимиз бир – ёшлардан ёзғирамиз. Лекин уларни тинглаб кўрдикми? Нега улар мактабга боришни истамайди? Боришни истаганлари ҳам аксарият ҳолларда ўртоқ, дугоналари билан кўришиш хоҳиши билан чегараланади. Олий таълим муассасасига не азоб билан, қийинчилик билан тайёргарлик кўриб кирган талаба нега кейин ўқишдан совий бошлайди? Нега ота-оналар билан дилдан суҳбатлашмайди, дилидагиларни гапириб беролмайди бола? (Дарс тайёрламаслик ва бошқа қатор баҳоналари туфайли мактабдаги таълимдан ёзғириш ҳақида гап кетмаяпти) Атроф-муҳит, мавжуд имкониятлар, умуман турли соҳалар ҳақда ота-оналар билан суҳбатлашишни истаётган болалар жуда кўп, ишонинг. Бугунги болалар бир неча ўн йил илгари ота-оналар нима деса, шу тўғри экан, бошқа йўл йўқ, дея қараб ўтирадиганлардан эмас.
Стоматолог шифокорга борганда ҳозир шифокор тишини қандай даволаши ҳақида гапириб бериб, шундан сўнг у оғриқдан холи бўлишини айтаётган болаларни кузатдим. Беш ёшли бола қачон шундай мулоҳаза қилган ахир? Туғилганиданоқ қўлида телефон билан улғаяяётган болалар тўғридан-тўғри маънода янги аср болалари сифатида ўзини намоён қилаяпти. Ҳали ўзбекчада тили чиқмай, ютубдаги инглиз мультфильмлари орқали инглиз тилида чулдираяпти. У ёки бу соҳадаги маълумотни сиз гугл қидирувга бериб топгунингизча, улар сизга ўша соҳа ҳақда айтиб беришаяпти. (Шу ўринда болага телефон бериб қўйиш зарарлиги ҳақида фактлар тўғри бўлса-да, аммо ҳаётда фарзандларимиз барибир шу матоҳ билан улғаяяётганини инкор қилолмаймиз.) Бундай болаларни қандай қилиб фақат насиҳат билан тарбиялаш ёки уларга таълим бериш мумкин, айтингчи? Кўплаб талабалар, мактаб ёшидаги ўқувчилар гаплашганман. Келинг, умумий ҳолда улар фикрларининг баъзиларига тўхталиб ўтсам.
-Мактабда фақат биргина ўқитувчининг дарсига қизиқиб кираман, - дейди улардан бири. – Қолганлари менимча, ўзлари ҳам нима ўтаётганини билмаса керак. Қанийди, ҳамма фанлар ҳам ўшандай қизиқарли ўтилса, биронта дарсни қолдирмасдим. Баъзи муаллимлар дарсни бошидан бошлаб, охиригача тарбия ҳақида гапиради. Биз мактабга билим олиш учун бормаймизми? Бизга зўр дарс ўтилсин, бўлди, тарбияни ота-онамизга қўйиб беришгани маъқул эмасми?
-Тўғриси, институтга осонлик билан ўқишга кирмадим, эҳҳе, қанча тунларни бедор ўтказдим, қанча китоб варақладим, - дейди яна бири. – Лекин бу ерда билимларимни давом эттиришга имкон йўқку. Баъзи масалаларда талабалар ўқитувчилардан кўра кўпроқ билим ва тушунчага эга. Фақат ҳурмат юзасидангина дарсида қулоқ солиб ўтирамиз. Ваҳоланки, у бизга бераётган маълумотларни интернет орқали ҳеч қийналмай, институтга келиб, вақт сарфламай ўрганишимиз ҳам мумкин.
Дарс ўтиш услубларию, бугунги педагогиканинг оқсоқ томонлари алоҳида мавзу эканлигини инобатга олган ҳолда урғуни ҳатто оиладаги оддий тарбияда, бир ё икки нафар фарзандига сабоқ беришга қунт қилмаётган ота-оналарга қаратмоқчи эдик.
-Ота-онам кўпинча биз билан гаплашмайсан, дилингдагини айтмайсан, дейишади, - бу яна бир ёш авлоднинг фикри. – Лекин уларга қизиқишларим ҳақида айтсам, тушунишмайди. Тузукроқ нарса билан шуғуллансанг бўлмайдими, дейишади. Лекин улар нима ҳақда гапираётганимга ҳатто қизиқиб кўришмайди.
Ростдан шундай, қизиқиб кўрмаяпмиз. Уларни тарбиялаш фақат насиҳат қилишдангина иборат, деб ўйлаяпмиз. Аммо ҳаммаси бўлмаса-да, ёшлар орасида бугунги аср шиддати билан сузаётганлари тобора ортиб бораяпти. Улар тушунган, билганларини билмай қолаяпмиз.
Билмаётганимиздан уялиб, сўраш, ўрганиш ўрнига уларнинг ўзини айбдор қилиб қўяяпмиз. Бола тарбиясида энди фақат ёшимиз катта эканлиги инобатга ўтмайдиган кунлар келганини тушунишимиз керак, назаримда. Энди улар билан тенгма тенг мулоқот қилиш учун ҳам кўпроқ ўқиб ўрганишимиз кераклигини англаб етишимиз лозим. Акс ҳолда ёшлардан ёзғириб юришда давом этаверамиз.
Тўғри тушунинг, мақолада ёши улуғларнинг ҳаётий тажрибаси, сабоқлари инкор этилаётгани ёки ундан воз кечиш кераклиги айтилгани йўқ. Бу тажрибаларни ўргатишнинг услуби ўзгариши керак, демоқчимиз, холос. Агар бундан бошқа фикрларингиз бўлса, ёзинг.
Гулруҳ МЎМИНОВА.