Таранглашган вазият ва мулойимлашган одамлар

Маълумотларга кўра, коронавирусга чалинганлар сони дунё бўйича 188 миллиондан, вафот этганлар 4 миллион нафардан ошди. Бир кунда қарийб 200 минг киши инфекция юқтиряпти.

Бугунги кунда юртимизда ҳам инфекция жуда тез тарқалмоқда. Шу сабабли барча чоралар билан бир қаторда энг самарали тадбирлардан бири бўлган эмлаш ишларини мумкин қадар тезлаштириш ва жадаллаштириш лозим. Зеро, эмлаш касалликнинг енгил кечиши ва жамоавий иммунитет ҳосил қилишга ёрдам беришини мутахассислар алоҳида таъкидламоқда.

Шунингдек, даволаниш йўллари, касалликка чалинмаслик усуллари ҳақида мутахассислар тегишли тавсияларни беряпти. Аммо шу кунларда бошқа бир нарса эътиборимни тортган. Одамлар бир-бирига аввалгидан мулойимроқ, хушмуомалароқ бўлиб қолган.

- “Каттамиз” шу кунларда ўта ҳалим ва самимий, - дейди доим бошлиғининг характеридан нолиб юрадиган бир ўртоғим. – Илгаригидан фарқли равишда ҳозир йиғилишларда мутлақо столни муштламаяпти. Ходимларга топшириқларни ҳам ширинсуханлик билан тушунтиряпти. 

Яқинда шунга ўхшаш ҳолатга ўзим дуч келдим. Қачон қараса, топшириқлар кўплигидан нолиб юрадиган ҳамкасбим навбатчилик гали келган ходимнинг тоби йўқлигини эшитиб, унинг ўрнида ҳам ишлади. 

Хушмуомала, самимий бўлиш учун коронавирус пандемияси ва унинг аянчли оқибатлари ёки шундай синовларни кутиш керакми? Ахир ҳар бир инсон бир-бирига оқибатли, меҳрибон бўлиши керак эмасми? 

Инсон зоти шунақа – бошига бирор мусибат тушса ёки яқинларини йўқотса дунёнинг ўткинчилиги, ён-атрофдагилар билан аҳил-иноқ, бир-бирига мер-оқибат кўрсатиб яшаши лозимлигини англайди.

Фазлиддин Рўзибоев.