Тарихий жой номларини ўзгартирмайлик!

Жой номлари ҳар бир мамлакатнинг, ҳар бир ҳудуднинг тарихи, қадриятлари, миллий мансубиятини ўзида акс эттирувчи муҳим восита саналади. Совет даврида жой номларини белгилашда асосан коммунистик ғоя ва мафкура талабларидан келиб чиқилган бўлса, мустақиллик йилларида қишлоқ, маҳалла, шаҳар ва туман номлари миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб ўзгартирилди.

 Конституциямизга кўра, Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тилидир. Мамлакат аҳолисининг 80 фоизидан ортиғи ўзбек тилида сўзлашади. Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида бошқа миллат ва элат вакиллари ҳам азалдан яшаб келади. Шу сабабли юртимиздаги тарихий жой номлари орасида туркий (ўзбек), шунингдек, форсий, сўғдий, арабий номлар учрайди.

Бу ҳолатни қўшни мамлакатларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, Тожикистон ҳудудида шу пайтга қадар юзлаб туркий топонимлар мавжуд бўлган бўлса, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон сингари туркий давлатларда форсий жой номларини учратамиз.

Бироқ Марказий Осиё мамлакатларида турли жой номлари шу юртнинг давлат тили талабларидан келиб чиқиб, мослаштирилган. Масалан, туркманлар Тошҳовузни Дашоғуз, қозоқлар Чимкентни Шымкент, қирғизлар Ўшни Ош, Қорасувни Кара-суу деб номлашган ва барча ҳужжатларда шу тарзда ёзилади. Бу ҳолат, айниқса, Тожикистонда яққол кўзга ташланади. Мамлакат раҳбарияти кўрсатмасига кўра, сўнгги йилларда туркий ўзакка эга топонимларнинг деярли барчасидан воз кечилди, бир қанча туркий топонимлар шакли ўхшаш бўлса-да, маъноси бошқача бўлган форсий номлар билан алмаштирилди. Масалан, Қумариқни Кумарг, Қумоқни Хумроғ, Бешкентни Вешканд деб аташди. Қоратегин, Қизили,  Чимқўрғон, Жирғатол сингари номлар Рашт, Лолазор,  Чимқалъа, Лахш сингари топонимларга алмашди. Ҳатто энг камида тўрт юз йиллик тарихга эга бўлган Қўрғонтепа номи ҳам сунъий Бохтар номига алмаштирилди. Ҳолбуки, бу шаҳар тарихда ҳеч қачон Бохтар деб аталмаган. Шунчаки, қўшнилар қадимий Бақтрия номини шу тахлит тикламоқчи бўлишган, шекилли. Албатта, мамлакат ҳукумати ўз ҳудудини хоҳлаганча номлашга ҳақли. Қозоқлар ўз юртини қозоқча, туркманлар туркманча, тожиклар тожикча номласа бунинг нимаси ёмон?

Унда ўзбеклар-чи? Нима учун ўзбеклар ўз юртини, ўз шаҳар ё қишлоқларини ўзбекча номлаши мумкин эмас? Бизда ҳам, Шаҳрисабз, Сариосиё, Оҳангарон, Ҳазорасп, Пешкў, Панжоб, Конимех, Себзор сингари юзлаб форсий ўзакка эга номлар бор. Майли, биз қўшниларимизга ўхшаб, юртимиздаги қадимий номларни ўзгартирмайлик. Зотан, юртимизда азал-азалдан туркий ва форсий халқлар аҳил-иноқ яшаб келади. Аммо, бугунги кунда қўшни давлатлар жой номларини ўз миллий сиёсатига мослаштириш йўлидан бораётган экан, биз ҳам шу ҳақда ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди. Лоақал, эски туркий номларни янгича арабий, форсий, ҳатто инглизча-французча  номлар билан атамасак, яхшироқ бўлармиди?

Бир неча йилдан бери матбуотда янгиланаётган жой номлари ҳақидаги материалларни кузатиб бораман. Масалан, биргина Самарқандда Кечкелдикни Боғишамол, Қўйбоқарни Гулобод, Қўшсигирни Истиқлол, Бешпахсани Бинокор, Қозоқолдини Бунёдкор, Кампирўлдини Машъал, Қўтирбулоқни Саховатга ўзгартиришди. Нега туркий сўзлар арабча ва форсчага ўзгартирилаётганини тушуниш қийин. Ёки яқинда Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг бирига Меҳридил деб ном беришибди – ғирт форсий сўз бирикмаси. Бир қараганда, қулоққа хийла хунук эшитиладиган топонимлар чиройли, баландпарвоз атамаларга алмаштирилган. Аммо, бошқаларнинг чиройли боласини ўзимизни хунукроқ фарзандимиздан афзал кўрмаймиз-ку.

Қонунимизда ҳам географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши белгиланган. Қўшниларимизнинг ҳаракатларидан ибрат оладиган бўлсак, биз ҳам ўзгартиришимиз керак эди. Аммо, асрий анъаналарга эга бўлган номларни ўзгартиришга эҳтиёж сезилмайди. Қолаверса, бизда ҳар доим бошқа халқларнинг тилига, урф-одатларига, анъаналарига ҳурмат юқори.

Аммо, нима учун бугунги кунда ҳаммага таниш бўлиб қолган туркий-ўзбек тилидаги жой номларини арабча-форсча номлар билан алмаштирилишини тушунолмайман. Бундан юз эллик йил аввал боболаримиз “Оқподшо ҳазратлари бизга марҳамат қилдилар” дея Мингтепанинг ўзбекча номини арабий Марҳамат билан алмаштиришган экан. Лекин яқин-яқинларда соф ўзбекча ўзакка эга бўлган Тўйтепа номини форсча-арабча Нурафшонга, ўзбекча Бўзни форсий Бўстонга алмаштириш кимга керак бўлди?

Яқинда журналист Акмал Мирзонинг бир видеомурожаатига кўзим тушди. Журналист дўстимиз мамлакатимиздаги Қорахитой, Ўрдакбурун, Етти қашқа, Эски Қовунчи, Бешкал, Қайсарқўй ва яна ўнлаб жой номларини алмаштиришни таклиф қилиб чиқибди. Бу таклиф журналистнинг ўзидан чиққанми, ё кимдир шунга даъват қилганми, буниси менга қоронғу. Аммо бу номлар ўрнига таклиф этиладиган янги топонимлар ё арабий, ё форсий ўзакдан олинишига шубҳа қилмайман.

Тўғри, тилимиздаги сўзларнинг салмоқли қисмини форсий, арабий сўзлар ташкил қилади. Шу боис кўпчилик “Ахир Гулзор, Истиқлол, Боғ, Гулобод номлари ўзбекча эмасми?” дейиши мумкин. Ҳамма гап шунда. Бу сўзлар соф туркий-ўзбекча эмас, форс ва араб тилларидан ўзлашган сўзлардир. Кимлардир ё атайин, ё билиб-билмай эски, қулоққа хунук эшитиладиган жой номларини умуман ўзбек тилининг туб ўзагига ёт сўзлар билан алмаштиришга ҳаракат қилишмоқда.

Майли, агар маъноси хунук жой номларини алмаштириш керак экан, юртимизда ана шундай форсий топонимлар ҳам истаганча топилади. Мисол керакми? Самарқанд вилоятидаги Боғи Зоғон (Қарғалар боғи), Луччакон – (яланғочлар), Лабигўр  – гўрнинг лаби, Калангар (кетмончи), Фарғона вилоятидаги Сариканда (узилган калла), Бухоро вилоятидаги Говкушон (сигир сўювчилар), Гадойхона,  Шалғамхўрон (шолғомхўрлар), Хархўр (эшакхўр)  сингари жой номларини ўзгартириш нега ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти?

Албатта, бу фикрларим ҳеч бўлмаганда шу ҳудудларда яшайдиган одамларга ёқмаслиги табиий. “Нега қадимги номларни йўқотиб, ўрнига сунъий, ясама номларни тиқиштириш керак” дейдиганлар топилишига ишончим комил. Шундай экан, туркий топонимларга ҳам тегиш керак эмас.

Номи чиройли эшитиладими, хунук эшитиладими, аҳамияти йўқ. Зотан, тарихий жойларнинг мазмуни, чиройли ёки хунуклигига қараб алмаштириш дунё  тажрибасида ҳам учрамайди. Зеро, Италия “бузоқлар мамлакати”, Испания “қуёнлар мамлакати”, Қатар” “ёмғир томчилари”, Судан “қоралар юрти”, Сомали “чўпонлар”, Барбардос “соқоллилар”, Кот д'Ивуар “Фил суяги қирғоғи”, Гондурас “чуқурлик” деган маънони билдиради. Нега шу давлатларда мамлакат номини ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришмайди? Менимча, жой номларини ўзгартириш эмас, жойлардаги вазиятни чуқурроқ ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳақида кўпроқ ўйлаб кўрилса яхши бўларди.

Дарвоқе, мен бу фикрларим билан мамлакатлар ёки халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларга раҳна солиш фикридан йироқман. Фақат, ҳамма ўз юрти, ўз халқи ва ўз тили учун курашаётган бир пайтда, биз ўз оғзимиздаги ошни олдириб қўймасак эди, деган хавотирни билдириб қўймоқчиман, холос.

Рустам Жабборов.