Тарихий яқинлигимиз ҳаётга кўчди
Жума Ҳамроев, СамДУ профессори:
- Президентимизнинг Тожикистонга амалга оширган икки кунлик сафарини кузатдик ва ўзимизда икки мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатларидан мамнунлик ҳис этдик. Чунки фахрланса арзийдиган ишлар бўляпти - мамлакатларимиз иқтисодий ва савдо алоқалари тобора ривожланяпти. Ургутда Тожикистон ҳомийлигида мактаб қурилгани, Кўбодиёнда Ўзбекистон ҳомийлигида тиббиёт мажмуасининг бунёд этилгани икки мамлакат раҳбарлари олиб бораётган халқпарвар ташқи сиёсатнинг амалдаги натижаси, икки тилли бир халқнинг амалдаги тасдиғи.
Маданий-гуманитар алоқалар тобора мустаҳкамланиб боряпти. Масалан, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади.
Шунингдек, ўтган даврда икки томонлама муносабатларда ҳам ўзгариш катта бўлди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 500 миллион долларга етди. Бу йил эса қиймати қарийб 700 миллион доллар бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди.
Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан кечган музокаралар давомида «Тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда», дея таъкидлади. Дарҳақиқат, асрлар давомида шаклланган ўзаро дўстлик, биродарлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда.