Тарихни ўзгартирган ихтиро, кашфиёт ва номлар

Аввалги мақолаларимизда кинематография, автомобиллар, самолёт кашфиётлари, шунингдек, фотоаппарат, радио, телевизор, компьютер, интернет, мобиль телефон ҳақида ёзгандик.
Бу сафар ҳам сизни қизиқтирган ном, кашфиёт ва ихтиролар ҳақида таништиришни лозим топдик.

Пенициллин
Тарих ҳужжатларида дунёдаги биринчи антибиотикларни Александр Флемминг кашф этганлиги ҳақида айтиб келинади. Шотландиялик олим биринчи бўлиб замбуруғлардан пеницилин ажратиб олишга муваффақ бўлди. Бу кашфиёт олдиндан режалаштирилган эмаслиги маълум бўлди: синов ва хатолар орқали олим микроблар аниқ нимани ва қандай йўқ қилиши мумкинлигини аниқлади. Лизоцим (антебактериал фермент) тўғрисидаги биринчи мақола 1922 йилда чоп этилди.

1945 йилда Флемминг ва унинг икки ҳамкасби Флори ва Чайн тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Флеминнинг илмий кашфиёти бўлмаганида, одамлар ҳалигача ошқозон яраси, қизилча ва йиринглаш каби касалликлардан вафот этишини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак.

Анастезия

Оғриқ сезмасликнинг жуда оддий усули, масалан, наркоз ва спиртли ичимликлар, узоқ вақтдан бери мавжуд, аммо анестезиянинг сифат даражаси 1848 йилга бориб тақалади. Айнан 1848 йилда америкалик жарроҳ Гери Бигелоу биринчи бўлиб эфир ва хлороформ амалиётини тиббий мақсадларда қўллади. Натижада муолажалар анча камоғриқли бўлиб қолди ва жарроҳлик операцияларининг сезиларли кўпайишида роль ўйнади.

ДНК
Ердаги ҳаёт мавжудлигининг асосий сирларидан бири кембрижлик олимлар жамоаси томонидан кашф этилган.

Френсик Крик ва Жеймс Уотсон 1953 йилда ДНК тузилишини расшифровка (маъносини айтиб бериш) қилишди. Аслида биринчи макромолекулалар 1860 йилнинг охиридаёқ аниқланган, бироқ айнан Уотсон ва Крик инсон танаси генларни наслдан наслга қандай ўтказиб беришини ва ДНК нима учун барча ҳужайралар ишини мувофиқлаштириш учун жуда муҳимлигини аниқлай олишди.

Вакцинация
Вакцинология тарихи Ҳиндистон ва Хитойда бошланган, бироқ ҳозир буни исботлаш қийин. Фақат касалликнинг енгил шакли бўлган беморлардан тайёрланган шишачалардаги суюқлик билан соғлом одамларни эмлаш анъанаси амалиёти орқали соғлиқни сақлаш ёндашувлари кенг тарқалган.

Юқори сифатли тиббиёт пайдо бўлишидан олдин вакцинологияга ўхшаш қандайдир амалиёт қўлланган бўлишига қарамай, иммунология ва вакцинологиянинг кашфиётчиси инглиз шифокори Эдвард Женнер ҳисобланади. Айнан Эдвард биринчи бўлиб 1796 йилда чечакка қарши вакцинани қўллади.

Женнернинг кузатишларига асосланиб, 100 йил ўтгач, микробиолог Луи Пастер вирусли штаммларга қарши иммунитет шакллантириш учун хавфли вируснинг микрорганизмлари заифлаштирилган препаратлардан фойдаланиб, эмлашнинг биринчи тамойилларини шакллантиришга муваффақ бўлди. Турли мамлакатларда иммунология ва вирусология ўзига хос тарзда ривожлангани ва дунёнинг турли бурчакларида вируслар ҳар хил бўлгани турган гап. Шунга қарамай, вакциналар инсониятни бир қанча - вабо, чечак, полиомелит, қизамиқ ва безгак каби эпидемиялардан сақлаб қолди.

Кимёвий элементларнинг даврий системаси

Элементларнинг турли хоссалари уларнинг атом оғирлигига боғлиқлигини аниқлаб берган кимёвий элементлар таснифланган жадвал 19 асрнинг энг муҳим кашфиётларидан бири ҳисобланади.
Дастлаб Дмитрий Менделеев тизимнинг 1869 йилга тўғри келадиган вариантини ишлаб чиқди. Икки йил ўтгач, жадвал ўзининг анъанавий шаклига эга бўлди. Муболағасиз, кимёнинг энг муҳим кашфиётларидан бири ҳисобланадиган даврий система ҳозирги кунгача ўзининг ноёблиги ва универсаллигини йўқотганича йўқ.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.