Тарихнинг мудҳиш воқеалари ёхуд янглишган қотиллар
Давлат бошлиқлари, кўзга кўринган сиёсий ва жамоат арбобларини ўлдиришга қасд қилган фитначилар ҳамиша бу билан адолат қарор топтиришига ишонишган. Амалда эса киллерлар тарих қўлида ўйинчоққа айланган деб ёзади. “Мир новостей” (2020 й, 28-сон) ҳафтаномаси.
Таниқли британ сиёсий арбоби Кеннет Бейкер сиёсий қотилликларга бағишланган янги китоби устида ишлар экан, ақл бовар қилмас жумбоқ билан тўқнаш келди. Муваффақиятли суиқасд кўпинча келгусидаги воқеаларга кутилганидан кам таъсир кўрсатган.
Бейкернинг ёзишича, Маргарита Тэтчер ҳукмронлиги даврида Буюк Британияни қамраб олган террористик тўлқинни ўз бошидан кечирган. 1979 йилда у парламент кутубхонасида бўлган пайтда шундоққина ёнида портлаш рўй берди. Ирланд террорчилари томонидан қўйилган бомба унинг таниши –парламент аъзоси Эйри Навани тилка-пора қилиб ташлади. Бир неча соат ўтгач, эски “Брайтон” меҳмонхонаси даҳшатли портлашдан ларзага келди. Бомба Маргарита Тэтчер ва унинг кабинети аъзоларини йўқ қилиш учун ирланд террорчилари томонидан қўйилган эди. Террорчи беш этаждан юқоридаги одатда Маргарет Тэтчер тўхтайдиган апартаментнинг ваннахонасига 9 килограмм портловчи модда жойлаштирганди. Тэтчер ваннахонани тарк этганидан бир неча секунд ўтиб, ваннахона ва ҳожатхона жойлашган бинонинг ўша қисми вайронага айланди, беш киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳатланди.
Фуқаролик ҳуқуқи учун қора танли америкаликлар курашчиси Мартин Лютер Кинг сигарета чеккиси келиб балконга чиқади ва Жеймс Эрла Реянинг ўқига нишон бўлади. Америка президенти Авраам Линкольннинг тан соқчиси бир зумга президентни қўриқчисиз қолдириб сув ичгани чиқади, бу қотиллар режасини амалга ошириш учун етарли бўлди. Ёки 1914 йилда Сараевада автомобилнинг биргина нотўғри бурилиши Эрцгерцог Франц Фердинандни қуролланган жангарига рўбарў қилиб биринчи жаҳон урушида Европани даҳшатга солди. Наполеонни олиб кетаётган экипаж аравакаши эса отларга қамчи босиш оқибатида карета ўнг томонга кескин бурилиб кетиб кучли портлашдан сақланиб қолади. Саккиз киши ҳалок бўлади, император эса зарар кўрмайди.
Малика Виктория ҳаёти давомида етти, Франция президенти Шарл де Голл уч марта суиқасдни бошдан кечиради. Бейкер, қотил якка ўзи ҳаракат қилган давр ортда қолди, деган хулосага келди. Бугун бу ёвузлик билан сиёсий гуруҳлар, террористлар ёки давлатлар шуғулланмоқда. Масалан, бен Ладен шу тарзда йўқ қилинди.
Қотиллар кўп ҳолларда ўз қилмишлари билан дунёни яхшилайман, тарихга аралашиш инсониятга фаровонлик олиб келади, деб ўйлашади. Бейкер, аксинча бу ҳеч қандай самара бермайди, вазиятни ёмонлаштиради, холос деб тахмин қилади. Одатда ағдарилган диктатор ўрнига янада шафқатсизи келади. Қадимги Римда Брут Юлий Цезарни ўлдирди, ҳокимият тепасига унинг меросхўри, ўта золим император Август ўтирди. Француз инқилоби йилларида Шарлотта Корде экстремист Жан-Пол Маратни пичоқлаб ўлдирди. У энди мамлакатда зўравонликка чек қўйдим, деб ўйлаган эди. Унинг ўрнига эса қонхўр Робеспьер келди ва 17 минг кишини гильотина пичоғи тиғидан ўтказди.
Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.