Таржима, ахборот, мулоқот - сиёсий ва ижтимоий кўприк
Жорий йилнинг 7 июнида Самарқанд давлат чет тиллар институтининг таржима назарияси ва амалиёти кафедраси томонидан ана шу мавзуда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши режалаштирилган.
Мамлакатимиз таълим тизимида чет тилларни ўқитишда нутқий мулоқотга йўналтирилган янги педагогик технологияларни ёритувчи ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, дарсликлар, ўқув-қўлланмаларини яратиш ва уларни ўқув жараёнига жорий этиб, хорижий тил таълимини янада такомиллаштириш масаласи миллий таълим дастурининг асосий мақсади саналади. Бугун хорижий тилларни ўқитишда тил системасига ўргатишга йўналтирилган анъанавий ўқитиш методлари ўрнига дунёда устувор йўналиш сифатида тан олинаётгаи коммуникатив таълим методи ва усулларидан фойдаланилмоқда.
Шу нуқтаи назардан анжуман ишида таржимашунослик соҳаларининг турли йўналишлари, маданиятлараро мулоқот, қиёсий-типологик тадқиқотлар, социолингвистика, лингводидактика ва чет тили нутқига ўргатиш методикаси масалалари бўйича жамланган тажрибалар, чет тили таълими соҳасига оид чоп этилаётган янги ўқув ва методик адабиётлар мавзуларини мувофиқлаштириш, чет тилларни ўқитишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича замонавий тавсиялар, таълимга татбиқ этилаётган инновацион ахборот ва педагогик технологиялар бўйича тўпланган тажрибалар муҳокама қилинади.
Анжуманнинг «Жамият ривожида тил ва таржима», «Маданиятлараро ва тиллараро таржиманинг ютуқлари ва истиқболлари», «Маданиятлараро ва халқаро мулоқот жараёнлари учун малакали таржимонларни тайёрлаш масалалари», «Чет тилларни ўқитишнинг замонавий методлари», «Буюк ипак йўли мамлакатлари тили ва тилшунослиги», деб номланган шўъба йиғинларида 400 дан ортиқ маърузалар тингланиши кутилмоқда.
Миср Араб Республикаси, Индонезия, Япония, АҚШ, Хитой, Италиядан ташриф буюрган хорижлик профессор-ўқитувчилар қатори мамлакатимиз олий таълим муассасалари олимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари, иқтидорли талабалар нинг маърузаларини тинглаш назарда тутилмоқда.
Халқаро илмий-амалий анжуман доирасида институтнинг таржима назарияси ва амалиёти кафедраси ва ахборот-ресурс маркази ҳамкорлигида сўнгги йилларда чоп этилган “Янги адабиётлар кўргазмаси” ташкил этилади.
Нилуфар Турдиева,
Самарқанд давлат чет тиллар
институтининг таржима назарияси ва
амалиёти кафедраси мудири, филология фанлари номзоди.