Таржима жараёнида учрайдиган лингвистик ва маданий тўсиқлар нима?

СамДУ Ургут филиалида “Маданиятлараро мулоқотнинг адабий-лисоний такомили ҳамда таржима назарияси ва лингводидактиканинг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий ва амалий конференция бўлиб ўтди.
Филология фанлари номзоди, доцент Акбархон Асроров таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилган конференцияда Туркия Республикаси Истанбул Миллий таълим бошқармаси бошлиғи, Республика таълим тарихи музейи директори, профессор Умит Аташ, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев ва Муродқосим Абдиев, шунингдек, университет ва филиал олимлари иштирок этиб, маданиятлараро мулоқотнинг адабий-лисоний асослари, таржима жараёнида учрайдиган лингвистик ва маданий тўсиқлар, замонавий лингводидактик ёндашувлар, хорижий тилларни ўқитиш услубларидаги янгиликлар мавзуларида маъруза ва муҳокама қилдилар.
- Ҳозирги глобаллашув жараёнида турли миллат ва халқлар ўртасидаги маданий, лингвистик ва ахлоқий алоқаларнинг ривожланиши, уларнинг адабий ҳамда лисоний ифодасини мукаммаллаштириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди филиал директори вазифасини бажарувчи Шавкат Бердиев. - Айниқса, таржима санъати, бу нафақат сўзларнис, балки маънавият, менталитет ва маданиятларни бир тилда иккинчисига кўчира олиш санъатидир. Бунда назария ва амалиёт уйғунлигига асосланган тадқиқотлар, замонавий лингводидактик ёндашувлар муҳим ўрин тутади. Мазкур анжуман доирасида ўз соҳасининг билимдон олим ва мутахассислари томонидан илгари сурилган илмий қарашлар, таклиф ва ғоялар тилшунослик, адабиётшунослик, таржимашунослик ва таълим методикаси йўналишида янги қирраларни очишга хизмат қилди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети араб тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси профессори Муҳаммад Саъдун ўз маърузасида бугунги глобаллашув шароитида маданиятлараро мулоқотнинг чуқурлашуви, таржима жараёнларида юзага келаётган назарий ва амалий муаммолар, шунингдек, лингводидактика соҳасида долзарб бўлиб турган масалалар юзасидан мулоҳаза билдирди, озорбайжонлик профессор Яшар Қасимбейли ЗООМ платформаси орқали “Руҳиятимиз осмонинг ёруғ юлдузлари. Нақшбандиялар” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, туркиялик олим, Истанбул Миллий таълим бошқармаси бошлиғи, Республика таълим тарихи музейи директори, профессор Умит Аташ “Она ватаним Туркия ва ота юртимиз Туркистон” мавзусида самарқандлик олимлар билан ўз фикрларини ўртоқлашди.
СамДУ Ургут филиали ахборот хизмати.