Ташкилий ишлардан овоз беришгача
Сайловчи учун сайловнинг аҳамияти шундаки, у қайсидир номзод ёки партияга овоз бериш орқали қонун чиқарувчи ва вакиллик органида ўзи истаган номзод бўлишини истайди. Шу сабабли ҳам сиёсий партиялар Олий Мажлис қуйи палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига нозодларини тасдиқлагач, бу жараён янада кўпроқ кўзга ташланади. Ундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси (МСК) тайёрлаган турли тарғибот воситалари аҳолини бу муҳим сиёсий кампанияга бефарқ бўлмасликка ундамоқда.
Натижада юртдошларимиз қайси сиёсий партияга ёки номзодга овоз беришгагина эмас, сайлов жараёнидаги ташкилий масалаларга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Шуларни ҳисобга олиб, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиевга мурожаат қилдик.
– Шу йилнинг 27-октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик қизғин паллага кирмоқда, – дейди Х.Муҳаммадиев. – 26-июлдан бошланган сайлов кампанияси тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календар - режа асосида олиб борилмоқда.
Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришларга кўра, эндиликда сайлов комиссиялари тизими Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссияларидан иборатдир.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024-йил 29-май куни қабул қилинган қарорига мувофиқ, мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди.
Жумладан, Самарқанд вилояти чегараси доирасида 21 кишидан иборат вилоят ҳудудий сайлов комиссияси тузилди. Комиссия раиси ўринбосари ва котиби доимий асосда фаолият олиб боради.
– Ҳудудий сайлов комиссиясига эндиликда тегишли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси сайловларига, шунингдек, референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ташкил этиш ваколати ҳам берилди. Бу комиссия учун қийинчилик туғдирмайдими?
– Йўқ, бу тизимга ўтишда аввалги сайловлар хулосаси, халқаро стандартлар ва хорижий тажриба ҳисобга олинган. Ҳудудий сайлов комиссияларига бир қатор ваколатлар берилган. Таркиб ҳам кичик эмас, улар орасида доимий асосда ишловчилар бор. Умид қиламанки, зиммамизга юклатилган вазифаларни бажаришга имконият ва салоҳиятимиз етади.
Кези келганда, комиссия фаолияти билан боғлиқ айрим ўзгаришларни ҳам айтиб ўтсам. Эндиликда Президент сайлови, референдум, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун округ сайлов комиссиялари тузилмайди. Бу вазифани ҳудудий округ сайлов комиссияси бажаради. Туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш учун ҳам округ сайлов комиссияси бўлмайди ва бу вазифа туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасида бўлади.
Биз шу пайтгача ўз ваколатимиз доирасида туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи тузиб, округ сайлов комиссиялари таркибини тасдиқладик. Илгари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари учун депутатлик ўринлари бир хил, яъни вилоятда 60 та, туман ва шаҳарларда эса 30 та этиб белгиланганди. Энди эса маҳаллий Кенгашлар қарори билан депутатлик ўринлари ҳудудда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Яъни, вилоятда аҳоли сони 3 миллиондан ортиқлиги учун халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 та депутатлик ўрни белгиланган. Туман ва шаҳарларда эса 20 тадан 30 тагача депутатлик ўринлари тасдиқланди.
Бундан ташқари, комиссияга киритилган тақдимнома асосида вилоятда Олик Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказувчи 1130 та сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди.
Хабарингиз бор, бу йил илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов аралаш, яъни мажоритар ва пропорсионал тизим асосида ўтказилади. Яъни, парламентимиз қуйи палатаси 150 депутатининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита номзодларга берган овозларига мувофиқ, яна етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланади. Энди сайловчи Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловда иккита буллетен орқали – биринчисида аниқ бир номзодга, иккинчисида сиёсий партияга овоз беради.
Марказий сайлов комиссияси томонидан вилоятимизда Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 8 та сайлов округи тузилган.
- Сайлов кампанияси ҳақида кўп айтиляпти ва ёзиляпти. Айниқса, аралаш сайлов тизими тўғрисида МСК тарғиботи сезилмоқда. Бироқ маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳам бир қатор янги тартиб ва ўзгаришлар бўлган. Аҳоли, аниқроғи, сайловчи булардан хабардор этиляптими?
- Албатта, МСК қарорига кўра, Адлия вазирлиги томонидан белгиланган режага мувофиқ, барча ташкилотларда, маҳаллаларда олимлар, мутахассислар, ҳатто нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жалб этилган ҳолда янги сайлов тизими тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир сайлов участкаси аъзолари ўз ҳудудидаги маҳалла, муассаса ва ташкилотларда суҳбатлар орқали сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан тушунчалар бермоқда.
Шуни айтиш керакки, Сайлов кодексининг 20, 20(1)-моддаларида ҳудудий ва туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқ белгиланган. Комиссиялар ана шу нормалар асосида фаолият кўрсатмоқда.
- Энди номзодлар ғолиб бўлиши учун аввалгидек, овоз берувчиларнинг ярмидан кўпини олиши шарт эмас. Тўғри, бу такрорий сайловга ўрин қолдирмайди, меҳнат ва харажатни тежайди. Бироқ битта ёки иккита маҳалла ҳудудидаги округларда тарафкашлик юзага келмайдими?
- Аввало, сайлов эркин ва ошкора жараён. Бу жараёндаги камчиликлар навбати билан бартараф этиб бориляпти. Шунинг учун ҳам давлатимиз кейинги пайтда аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий савиясини ошириш юзасидан амалий чоралар кўрмоқда. Ташкилий масалада эса салбий ҳолатларга йўл қўймаслик тадбирлари белгиланган. Биринчидан, участка сайлов комиссияларини шакллантиришда ҳар бир маҳалла манфаати ҳисобга олинган. Иккинчидан, сиз айтган ҳолатни бартараф этиш учун қонунчиликда нормалар белгиланган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сайлов тақдирини сайловчининг сиёсий зукколиги, холислиги ҳал қилади. Даврни, дунёдаги воқеликларни кузатиб бораётган юртдошларимиз ўз тақдирига бефарқ бўлмайди, деб ишонаман.
- Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам чоралар белгиланган бўлса керак?
- Бу масалада қонунчилигимиз пухта ишланган. Сайлов кодексига асосан, туман (шаҳар) сайлов комиссиялари сайлов жараёнида участка сайлов комиссияларининг қарорлари Кодексга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки туман, шаҳар прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади. Шунингдек, сиёсий партиялар, ОАВ вакиллари ва кузатувчилар томонидан сайлов жараёнининг очиқ, шаффоф ва адолатли ўтказилишини доимий кузатиб бориш тизими яратилган.
- Энди номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларига тўхталсак. Улар қачон, қаерда ва ким томонидан уюштирилади?
- Номзодлар билан учрашувлар жойи, вақти номзодлар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олингандан кейин сиёсий партиялар томонидан белгиланади. Маҳаллий ҳокимият бундай учрашувлар учун жой тайёрлаб бериш вазифасини бажаради. Сиёсий партиялар эса сайлов комиссияларини бу учрашувлардан хабардор қилади.
- Сайлов участкаларининг бир қисми умумтаълим мактабларида жойлашган. Бу нарса таълим жараёнига таъсир қилмайдими? Интернет тармоғига уланмаган тиббиёт муассасаларида жойлашган сайлов участкаларида муаммо юзага келмайдими?
- Аввало, ҳар бир сайлов участкаси сайловчиларнинг келиб-кетишига мос жойлардан танланган. Уни маҳаллий ижро органлари белгилаган ва Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, ҳар бир сайлов участкаси сифатли интернет алоқаси билан таъминланган. Сайлов участкасига кириш ва чиқиш жойлари дарс жараёнига таъсир қилмайди. Чунки овоз бериш жараёни дарс машғулотлари бўлмаган вақтда, яъни якшанба куни ўтказилади.
– Ўтган сайловларда айрим участкаларда овоз бериш жараёнини онлайн кузатиш тизими йўлга қўйилган эди. Тажрибадан келиб чиқиб, бу йил ҳам шундай бўладими?
- Албатта, тажриба давом эттирилаверади. Аммо бу нарса бевосита техник ҳамда молиявий масала билан боғлиқ бўлганлиги учун МСК ишчи гуруҳи ҳар битта тумандан бир ёки иккита сайлов участкаларида ана шундай жиҳозлаш ишларини олиб бормоқда.
- Электрон овоз бериш тизими-чи, бизда у ҳам синаб кўриладими?
- Тўғриси, бу масала менинг ваколатимга кирмайди. Шундай таклифлар бўлди, ўрганилди. Бироқ масала яна мураккаб технологик жараён ва маблағга бориб тақалади. Шу боис ҳам яқин кунлар ичида Марказий сайлов комиссияси шароитни ҳисобга олиб, аниқ хулосага келади. Ҳозирча МСК электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш юзасидан қарор ёки кўрсатма чиқарган эмас.
Ёқубжон МАРҚАEВ суҳбатлашди.