Ташкилотингизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг «Таянч гуруҳлари» фаолият юритадими?
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида 2018 йил 27 августда вилоят ҳокимининг «Вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижроси таҳлил этилганда, жойларда туман (шаҳар) ҳокимликлари, ташкилот, корхона, муассасалар раҳбарлари томонидан етарлича эътибор берилмаганлиги, улар қошида «Таянч гуруҳлари» фаолияти йўлга қўйилмаганлиги кузатилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳрида жорий йил биринчи январь ҳолатига кўра, шаҳар аҳолисининг умумий сони 538,2 минг нафарни ташкил этса, уларнинг бор-йўғи 79064 нафари доимий иш билан банд. Ҳокимлик, корхона, ташкилот, ўқув юртлари раҳбарлари томонидан ҳамкорликда тарғибот ишлари талаб даражасида олиб борилмаган. Бугунги кунда шаҳар жамияти аъзолари сони 4050 нафарни, яъни умумий аҳоли сонига нисбатан атиги 0,07 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳудуддаги 437 та давлат, шунингдек 76 дан ортиқ хўжалик бошқаруви ташкилотларининг атиги 2 тасида «Таянч гуруҳлари» фаолият кўрсатаяпти.
Ваҳоланки, ташкилот, корхона, муассасаларда ташкил этилмаган бошланғич ташкилотлар етакчиларига жамиятлар томонидан федерация аъзолиги пул маблағларининг 10 фоизи миқдорида ойлик маош, аъзолари 500 нафардан ортиқ ташкилотларда алоҳида штат бирлиги, янги ишчи ўрни ташкил этиш имконияти мавжуд. Бироқ жойлардаги ҳудуд раҳбарлари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус касб-ҳунар таълими, пахтасаноат, қишлоқхўжаликкимё каби бир қанча йирик тузилма раҳбарлари бу имкониятлардан унумли фойдаланмаяпти.
Сиз-чи? Ташкилотингизда «Таянч гуруҳлари» фаолияти йўлга қўйилганми?
Насиба Жонтураева.