Ташландиқ картина 30 миллион долларга баҳоланди

Бельгиядаги Льеж шаҳарчасида қизиқ воқеа содир бўлган. 15 йил аввал шаҳарчадаги барда бир киши тасодифан қулоғигача қарзга ботган эркак билан танишиб қолади. У бечора камбағалга раҳми келиб ундан 500 долларга эскирган, ташландиқ картинани сотиб олади.

Яқинда у азбаройи қизиққанидан полотнони экспертизага берди. Буни қарангки, омад келса ҳеч гап эмас экан. Картина Рембрант мўйқаламига мансуб бўлиб чиқди ва у 30 миллион доллар атрофида баҳоланди.

Қўлга тушмас ўғри

1955 йилда Канн ( Франция)да Альфред Хичкок ҳашаматли “Карлтон” меҳмонхонасида “Ўғрини ушланг” фильмини суратга олди.
Орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтиб, ўша меҳмонхонада жиноят содир бўлди. У ўзининг дадиллиги билан мазкур фильм сюжетига жуда ўхшарди. Шу куни “Карлтон”да заргарлик буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтган. Залга қўлқоп кийган, юзини шарф билан ўраб шапкасини манглайига бостириб кийган эркак киради. У тўппонча билан ходимларни қўрқитиб, умумий қиймати 136 млн. долларлик қимматбаҳо буюмларни сумкасига жойлаб, яширин йўлакдан чиқиб, ғойиб бўлади. Ҳозиргача уни тутишга муваффақ бўлингани йўқ.

Қисқичбақалар қаерда қишлайди?

Қизиқ савол бўлди-ку. Сувда яшагандан кейин сувда қишлайди-да!..
Сал шошманг жавоб беришга. Қисқичбақани хуш кўрадиганлар бошқача фикрда. Улар ҳозиргина тутилган қисқичбақаларни тановул қилишни яхши кўришади. Аммо қишда уларни тутиш қийин.

Нега?
Гап шундаки, қисқичбақалар сув остида қирғоққа яқин унгурларда ин ковлаб, ўша ерда қишлашади. Шу боис қадимги киборлар қишда қисқичбақаларни музлаган сув остидан овлаб тутиб келиш учун гуноҳ қилган кимсаларни юборишган экан.

Т.Шомуродов тайёрлади.