ТАТУ Самарқанд филиали баҳорги семестр фанлари бўйича масофавий таълимни йўлга қўйди
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиалида ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш ва талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб методик қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019-2020 ўқув йили баҳорги семестр фанлари бўйича масофавий таълим тизими тўлиқ йўлга қўйилди.
Moodle электрон таълим (http://moodle.samtuit.uz/) тизимига 6 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 2 та магистратура мутахассисликлари бўйича 95 та фанлар бўйича электрон ресурслар ва методик материаллар жойлаштирилди.
Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар томонидан академик гуруҳлар учун Google Classroom тизими ва телеграм каналлари орқали ҳам дарс жадвалига мос равишда машғулотлар ташкил этилган. Шу билан биргаликда, олийгоҳ ахборот-ресурс марказининг “Электрон кутубхона” телеграм (https://t.me/library_sbtuit) каналига электрон дарсликлар ва бадиий адабиётлар жойлаштириб борилмоқда.
Фанлар бўйича электрон ресурслар вазирликнинг https://tube.edu.uz/ медиа порталига ва университетнинг https://www.youtube.com/ саҳифаларига ҳам жойлаштирилмоқда.
Факультетларда ZOOM дастури орқали кафедра йиғилишлари ҳамда видеоконференция-семинар кўринишида замонавий дастурлаш тиллари бўйича ўқув курслари ўз ишини бошлади.
Дастурлаш кафедраси қошидаги Дастурчилар клуби томонидан 16 мартдан бошлаб талабалар ўртасида “Дастурлаш бўйича on-line мусобақалар” ва Python ҳамда C# дастурлаш тиллари бўйича масофавий курслар бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда ТАТУ Самарқанд филиали, СамДУ ҳамда НамДУ талабалари ҳамкорликда "STAY AT HOME" мавзусида 6 кунлик (7-12 апрель) Дастурлаш бўйича онлайн мусобақага аризалар қабул қилинмоқда.