ТАТУ Самарқанд филиали ўқитувчилари ва талабаларида COVID-19 касаллиги аниқланди

Кеча 11 апрель куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали 12 апрелдан 14 кунлик онлайн (масофавий) таълимга ўтказилганлиги ҳақида хабар бергандик.

ТАТУ Самарқанд филиали ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 9 апрель куни Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан олиб борилган текширув чоғида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши мунтазам равишда сақланиб келинганига қарамасдан, филиал ўқитувчилари ҳамда талабалар турар жойидаги талабаларда COVID-19 касаллиги аниқланди.

Шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг 2021 йил 10 апрелдаги 02/491-сонли хатига асосан ҳамда коронавирус инфекцияси профессор-ўқитувчилар ва талабалар орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида ТАТУ Самарқанд филиалида таълим жараёни жорий йилнинг 12 апрель санасидан бошлаб 14 кунлик онлайн (масофавий) таълимга ўтказилди.

Шунингдек, талабалар турар жойида беморлар билан мулоқотда бўлган талабалар ётоқхонада 14 кунлик ўз-ўзини яккалаш тартибига олинди, дейилади ахборот хизмати хабарида.