“Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи тақдимоти бўлиб ўтди: бу — китобнинг ўзбек тилидаги илк таржимасидир
Абу Мансур Мотуридийнинг Қуръони Карим тафсирига бағишланган мазкур китоби таржимаси анчадан буён кутилган ва жорий йилда илк бор оммага тақдим этилган ҳамда дунёнинг етакчи уламолари томонидан эътироф этилган.
Тақдимот маросими вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилиб, унда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, имом-хатиблар, таълим муассасалари талабалари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.
Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан амалга оширилган ушбу таржима тафсиршунослик, исломшунослик ва диний соҳадаги муҳим ишлардан бири ҳисобланади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, мазкур китоб таржимонлар гуруҳи аъзоси Оловхон Неъматов:
- “Таъвилот ал-Қуръон” китоби Қуръон тафсирига оид асар бўлиб, ислом оламида катта мавқеъга эга бўлган тафсирлар сирасига киради. Ўз даврида бу асар баъзи адашган ақидавий оқимларни Қуръон маъноларини бузиб талқин қилишдек ботил таржималарига раддия ўлароқ, ишончли манбалиги билан ҳам қимматли асар деб эътироф этилган. Мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамияти шундаки, у Қуръони карим изоҳи бўйича ёзилган дастлабки асарлардан бўлиб, ақл ва нақл (оят ва ҳадислар) нуқтаи назаридан шарҳлангани билан ажралиб туради. Асар бўйича катта илмий изланишлар олиб борилиб, унинг Туркия, Миср, Саудия Арабистони ва бошқа кўплаб нусхалари асосида 30-жузи таржимаси амалга оширилди ва марказда нашрга тайёрланди.
Таржимада Имом Мотуридий қарашларини имкон қадар енгил, ўқувчига тушуниш осон бўлган услубда етказишга эътибор қаратилган. Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”дан фойдаланилган. Халқаро мотуридийшунос олимлар доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий, профессор Юсуф Шавқий Явуз, доктор Ҳамза Бакрий ва бошқа кўплаб уламоларнинг тавсияларига асосан Бекир Тўпал ўғли ва Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқи остида нашр этилган нусха таржима ишининг асосий манбаси қилиб олинган.
Тақдимотда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилган Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” китоби ва унинг таржимаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.