Тест синовлари қачон ва қаерда ўтказилишини қандай билиш мумкин?

– Олий таълим муассасасида ўқиш учун рўйхатдан ўтдим. Тест синовлари қачон ва қаерда ўтказилишини қандай билсам бўлади?

Фаёз Ҳайдаров,

Оқдарё тумани.

– 2019-2020 ўқув йили учун жорий йилнинг 29 июлидан 13 августига қадар ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш истагини билдирган абитуриентлар олий таълим муассасалари ва Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтганларидан сўнг уларнинг ҳар бирига Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида шахсий кабинет очилди. Абитуриентлар шу шахсий кабинет орқали ўзлари учун керакли маълумотлар, хусусан, тест синовларига кириш учун рухсатнома олиши мумкин.

Шунингдек, бу йилги тест синовларини ўтказишда олий таълим муассасалари навбати билан қамраб олинмайди, балки имтиҳон йўналишлар кесимида олиб борилади. Абитуриент қайси йўналишда таҳсил олиш истагида ариза топширган бўлса, бу ҳақда шахсий кабинети орқали маълумот олиб, белгиланган жойга кўрсатилган вақтда келиши керак бўлади.

Дарвоқе, абитуриентлар рўйхатдан ўтиш вақтида учта йўналишни танлаган бўлса-да, улар бир марта тест топширади. 

Носир Эшонқулов,

Давлат тест марказининг

Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи.