Тест синовларининг тўртинчи куни Самарқандда 5 нафар абитуриент бировнинг ўрнига имтиҳонга киришга уринди

Аввал хабар берганимиздек, айни кунда вилоятда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz’га маълум қилишича, 11 август куни биринчи навбатда қатнашиши керак бўлган 5460 нафар абитуриентдан 4966 нафари тест синовларида иштирок этган. Аммо 494 нафар абитуриент турли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган.

Иккинчи навбатда абитуриентларнинг 5202 нафари тест синовларига келган бўлса, 258 нафари турли сабабларга кўра қатнашмаган.

Биринчи навбатда тўрт нафар, иккинчи навбатда бир нафар абитуриент ўринга ўрин киришга урингани, олти нафар абитуриент тартиб-интизомга риоя қилмасдан таъқиқланган воситалардан фойдалангани туфайли тест синовларидан четлатилган.

Эслатиб ўтамиз: Абитуриентлар имтиҳон ҳудудига тест синови бошланишидан 1 соат олдин паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан келишлари лозим.