Тиббий маданиятни шаҳардан келиб ўргатиш шартми?
Негадир шифокорларнинг маслаҳатларини жон қулоғимиз билан эшитамиз-у, унга амал қилишга келганда эринчоқлик қиламиз. Қачонки дард зўрлик қилиб, бошимиз ёстиққа тегса, уларга мурожаат қиламиз. Ваҳоланки, бир неча кун олдин касаллик ўзи ҳақида белги берганида унга эътибор қилмаганмиз. Керакли чораларни кўрмаганмиз.
Аслида соғлом турмуш тарзига риоя қилган, тиббий маданияти шаклланган кишилар турли хасталиклардан йироқ бўлади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, соғлом турмуш кечириш ва узоқ умр кўришнинг 50-55 фоизи инсоннинг ҳаёт тарзига, 20 фоизи атроф-муҳитга, 20 фоизи ирсиятга ва 8-10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, узоқ ва саломат яшашнинг асосий шарти – тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзига риоя этишдир.
Бугун аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, уларни спортга жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтириш асосий вазифага айланган. Жумладан, таълим-тарбия муассасаларида санитария-гигиена қоидаларига оид тушунчалар бериш, зарарли одатларнинг олдини олиш, репродуктив саломатлик, ўсмирлик даврининг руҳият муаммолари юзасидан зарур кўникмаларни шакллантиришга эътибор қаратилмоқда. Бироқ ҳали бу борадаги ишларни талаб даражасида, дейиш мушкул. Чунки айрим ёшларнинг соғлом турмуш тарзи тушунчасидан етарлича хабардор эмаслиги боис турли касалликлар, унинг оғир асоратлари ва ногиронликни келтириб чиқариш ҳолатлари ҳамон учраётгани аччиқ ҳақиқат.
Хизмат юзасидан туманларга борганда қишлоқда яшовчи аҳоли хонадонларида бўлишимизга тўғри келади. Айрим ҳовлиларга кирганимизда биринчи галда ҳовлининг бир четига уйиб қўйилган турли маиший ва қурилиш чиқиндиларига кўзимиз тушади. Аксарият уйларда соғлом турмуш тарзининг асоси бўлган ошхона ва ҳаммом йўқ. Ичимлик сув оладиган қўлбола "босма" кранлар молхона ва ҳожатхона яқинида ўрнатилган. Кўпчилигидан нега бундай қилиб қурилган, деб сўрасак, чорва молларни суғоришга қулай бўлиши учун, деган жавобни эшитамиз. Наҳотки, улар бу қўлбола кранлар яқин атрофдаги ер остидан барча сувлар қатори ҳожатхонанинг ифлос сувини ҳам ичимлик сувига қўшиб, тортиб олишини билишмаса?
Кўз юмиб бўлмайдиган яна бир муаммо – аксарият уйларда ошхона (баъзида унинг вазифасини даҳлизлар бажаради)дан чиққан ювинди ва мағзавани махсус ўралар йўқлиги сабаб, ҳовлига тўкишади. Кунлар исий бошлагач эса улар ҳавога кўтарилиб турли микроб ва вируслар тарқатади. Бу эса турли юқумли касалликларнинг ривожланишига олиб келади.
Бу ҳақда маҳалла ва қишлоқларда малакали мутахассислар ташкил этаётган учрашувлар, тарғибот тадбирларида бот-бот айтилаётганига қарамай аҳвол ўзгаргани йўқ. Тўғри, ҳозир ҳамманинг ҳам уйида тоза ичимлик сув бўлмаслиги мумкин. Аммо сувни қайнатиб, сўнг истеъмолга ишлатса бўлади-ку.
Сўнгги пайтларда республика, вилоятларнинг етакчи илмий-тадқиқот ва тиббиёт институтлари олимлари, тиббиёт марказларининг шифокор-мутахассислари маҳалла ва қишлоқларга бориб, хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг яшаш шароитини, тиббий маданиятини ўрганмоқда. Тўғрироғи, ўргатишмоқда. Демак, соғлом турмуш тарзининг у ёки бу йўналишига риоя қилишимизга қараб, тиббий маданиятимиз қай даражада эканлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Чунки бу қоидаларга риоя қилиш учун улар ҳақида етарли маълумот, билим ва кўникмага эга бўлиш талаб этилади.
Шу ўринда тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи ўзи нима, деган савол туғилади.
– Тиббий маданият бу – инсон ўз саломатлигини ўзи асраши, нафақат ўзининг, балки оила аъзоларининг ҳам саломатлигига масъулиятли бўлиш, турли хавфли касалликлардан сақланиш, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлиб камол топишида зарур бўлган тиббий билимлардан хабардорлик ва уларга амал қилишидир, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиник касалхонаси бош врачи Нурмамат Абдуллаев. – Соддароқ қилиб айтганда, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, озодалик, атроф-муҳит тозалигининг аҳамиятини англаш ва жамият саломатлигини сақлашга қаратилган ҳаракатлардан хабардор бўлиш демакдир. Соғлом турмуш тарзи эса фаол меҳнат, тўғри овқатланиш, кучли жисмоний ва руҳий ҳолат, ўта хавфли ва зарарли таъсир кўрсатувчи омилларни енга оладиган, етукликка интилувчан шахснинг шаклланиш жараёнидир. Яъни, инсон ёшлигидан яхши одат-кўникмаларга амал қилиши, зарарли одатлардан воз кечиши, рационал овқатланиши, спорт, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиши ҳамда дам олиш, иш тартибини тўғри ташкил қилиши, шунингдек, атроф-муҳитнинг яшаш учун хавфсиз ва қулай бўлишига эришиш соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳисобланади.
Инсоннинг ўз саломатлигига қандай ёндашиши бевосита унинг саводхонлик даражасига боғлиқ. Уни амалга оширишга катта маблағ сарфлаш шарт эмас.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.