Тилимиз ривожланишга, ёрдамга муҳтож

Бунинг учун нималар қилиняпти?

Ҳар йили вилоятимизда  21 октябрь куни Ўзбек тили байрами Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида, ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланиши анъанага айланган.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлиши ҳамда Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, ёзувчи ва шоирлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талаба-ўқувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

- Бугунги кунда тилимиз ривожланишга, ёрдамга муҳтож, - дейди СамДУ профессори Суюн Каримов. – Бу борада уч йўналишда иш олиб бориляпти. Биринчиси, давлат аҳамиятида, иккинчиси илмий, учинчиси эса оммавий муносабат. Жумладан, давлатимиз томонидан тарихда бўлмаган ишлар амалга ошириляпти. Биргина мисол, шу пайтгача БМТ минбарида туриб ўзбек тилида маъруза қилинмаган эди. Буни Президент Ш.Мирзиёев амалга оширди. Шунингдек, Ўзбек тилини ривожлантириш давлат департаментининг ташкил этилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бир қанча изоҳли луғатлар устида иш олиб бориляпти. Хусусан, Самарқанд вилоятида жой номлари тарихи, топонимик изоҳли луғат яратилмоқда. Тилнинг адабийлашиши учун ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бола мактабгача таълим ташкилотидаёқ соф ўзбек адабий тилида гаплашишини таъминлашга эътибор қаратиляпти.

Ҳайкал пойида ташкил этилган адабий-маърифий тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар тилимизнинг қадр-қиммати ҳақида гапириб, йиғилганларни байрам билан табриклади.

Тадбирда Самарқанд давлат унверситети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалари, турли миллатга мансуб ёшлар ўзбек тилида шеърлар ўқиди.

Шунингдек, истироҳат боғида китоблар савдо ярмаркаси, ҳаваскор ижодкорлар, ҳунармандлар томонидан тайёрланган тасвирий ва амалий санъат намуналари кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирлар кун давомида таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда давом этди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).