ТИВ Приморье ўлкасига бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Приморье ўлкаси ҳудудида бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди.

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2020 йилда Приморье ўлкаси ҳудудида патент асосида ишлайдиган чет эллик ишчилардан транспорт соҳасида фойдаланишга тақиқ қўйилади.

Тегишли №71-ПГ-сон қарор Губернатор Олег Кожемяко томонидан 2019 йил 12 сентябрь куни имзоланди.

Ҳужжатга кўра, чет эллик фуқароларнинг шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобуслар, трамвай, троллейбус ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлашлари тақиқланади. Сайёҳлик ва экскурсия йўналишлари бўйича фаолият юритадиган, ижарага олинган автобус ҳайдовчилари бундан мустасно.

Шу муносабат билан Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россия ҳудудида бўлиб турган ва Приморье ўлкасига боришни режалаштираётган фуқароларимизга юқорида кўрсатилган тақиқларни ҳисобга олишларини сўрайди.