Тоғли ҳудудларда сел хавфи эълон қилинди

“Узгидромет” хабарига кўра, 10-11 июнь кунлари республика ҳудудининг баъзи жойларида шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши мумкин, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.

10−14 июнь кунлари Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёмғир, айрим жойларда дўл ёғиши сабабли тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел келиш хавфи бор.

Хабарда Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятларининг қатор туманларида сел хавфи борлиги санаб ўтилган.

“Ўзгидромет” тоғолди ва тоғли ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларига амал қилишни сўраган.