Тождор вирус хавфи ёхуд «Товуқ»

«Товуқ товуқ даражасидагина фикрлай олади» деган гап бор. Орамизда бесабр, бетоқат, тождор вирус пандемияси ва карантинни ана шу товуқ даражасида талқин қилаётган одамлар учрамоқда. Мана мисол.

Атрофда айёр, ёвуз тулкилар ҳадсиз кўпайиб кетганлиги сабабли эгаси товуқнинг якка ўзини катакка қамаб қўйди.

«Жимгина уйчангда тур, чиқма ҳеч жойга, тулкилар кўпайди, еб кетади. Шўринг қуримасин, уйчангда қол! Дон, сув, увоқ-сувоқ - ҳамма егулик, ичкилигинг етарли, уйингда қол. Чиқма!», деб огоҳлантиришди.

Товуқ сабр қилиб, чидаб, қўрққанидан уч-тўрт кун турди ва ниҳоят зиқлана бошлади, ичи танглиги сабаб сабр-тоқати тўлди. «Э, тулки нима бўпти, - дея ўйлай бошлади. – Бари ёлғон, бу хўжайинимнинг менга қилаётган раҳмдиллиги эмас, ҳийласи. Тулкидан қўрқармидим. Тулкидан-а! Унақа тулкичаларни кўпини кўрганман. Бир чўқиласам…». Уйчасида «егани олдида» бўлган товуқнинг бениҳоя ношукрлиги эди бу.

- Менга эркинлик, озодлик керак, – ўйлади у. – Катакда нима қиламан, тор катакда! «Қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўлади». Чиқаман, диқ бўлиб кетдим-е! Яйраб, яшнаб ташқарида юраман. Тулкидан қўрқаманми? Тулкидан-а!

Товуқ кучли ҳаяжон оғушида эгаси огоҳлантирган сабр-тоқатни унутди-да ичи қизий бошлади ва минг азоб билан катак эшигининг майда тирқишидан чиқиб, гўзал ўтлоқзор сари йўл олди.

Кўчада у на бир товуқни учратди, на хўрозни, ҳамма жой жимжит, зоғ йўқ! «Юраксизлар! Қўрқоқлар! Ваҳимачилар!»

Баногоҳ нимадир унга чанг солди, патларини тўзғитиб, типирчилатиб, ўткир тишларини бўғзига ботирди. «Тулки! Ярамас ёвуз тулки! Кўзга кўринмас бало!»

…Кечқурун эгаси унга яна озроқ дон келтирди, аммо товуғининг на ўзини, на изини топа олди.

Муродим Умрзоқов.