«Толибон» Туркияда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича конференцияда иштирок этади

Толибонларнинг радикал ҳаракатига яқин бўлган РИА Новости манбаси Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича Туркиядаги учрашув 27 март куни бўлиб ўтишини ва унда толибонлар иштирок этишини тасдиқлади.

Аввалроқ Tolo News телеканали манбаларига таяниб, 27 март куни Туркияда Афғонистон ҳукумати билан толибонлар ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича конференция ўтказилиши кўзда тутилгани ҳақида хабар берган эди.

"Толибон вакилларига Туркиядаги учрашувга таклифномалар юборилган. Аввалига баъзилар нописанд бўлишди, аммо ҳозирда делегация иштирок этиши тасдиқланди", деди манба.

Кобулдаги Толибонга яқин бўлган яна бир манбанинг РИА Новостига айтишича, тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ бўлган бир неча сиёсий ва фуқаро фаоллари, ҳаракатнинг "дўстлари ва тарафдорлари" аллақачон Туркия визаларини олган. Уларнинг иккитаси Туркияга етиб келган.

Туркиядаги барча томонлар иштирок этадиган Саммит Афғонистондаги музокараларни тезлаштириш учун ўтказилади. Миллий ярашув бўйича олий кенгаш ва Афғонистон миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишда қатнашишларини аллақачон тасдиқлашган.

Маълумки, Афғонистонда ҳукумат кучлари ва радикал «Толибон» ҳаракати жангарилари ўртасида қарама-қаршилик мавжуд бўлиб, улар илгари мамлакатнинг қишлоқ жойларида анча ҳудудни эгаллаб олиб, йирик шаҳарларга ҳужум уюштирган. Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бутун мамлакат бўйлаб аксилтеррор операцияларини ўтказмоқда. Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинчлик музокаралари 2020 йил 12 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада бошланган эди.