Томчилатиб суғоришнинг фойдалари нимада?
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва тубдан ислоҳ қилиш борасида бир нечта меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан биргаликда ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни кўпайтириш, даромадни ошириш, истеъмол учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш талаби ҳам ошди.
Лекин сув ресурслари чекланганлиги сабабли аҳоли бошига тўғри келадиган сув ресурси йилдан йилга камайиб бормоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатиб турубдики, йиллар ўтиши билан сувга бўлган эҳтиёж ортмоқда. Шу сабабли сувнинг қадрига етиб, ундан оқилона фойдаланишимиз, соҳага инновацион технологияларни кенг татбиқ этишимиз зарур.
Томчилатиб суғориш тизими ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжига тенг миқдордаги сувни зарур муддатда унинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган босимли суғориш тармоғидир. Олимларнинг маълумотларга кўра, бир центнер пахта ҳосили олиш учун томчилатиб суғориш тизимида эгат орқали суғоришга нисбатан 1,8-1,9 марта кам сув берилади. Томчилатиб суғориш орқали экиннинг илдиз тизими нормал шаклланади ва далани бир текисда намлашга эришилади. Дала қатор ораларига ишлов беришга сарфланадиган сарф-харажат қамаяди.
Томчилатиб суғоришда аввало, тупроқда ўсимлик учун зарур бўлган мақбул намликни ушлаб туришга эришилади, сувнинг қуёш ёки шамол таъсирида буғланиши олди олинади, сув ўсимлик илдиз тизимини намлантириш орқали тупроқдаги намликни энг мақбул даражасини сақлаб туради. Томчилатиб суғориш усули қўлланилиши натижасида ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосил бериши учун оптимал шароитлар яратилади, экин турига қараб, 80 фоизгача сув тежалади.
Бу усулни дала шароитида ишлатиш орқали тупроқда қатқалоқ пайдо бўлмайди ва ўсимликнинг ҳаво алмашинуви яхшиланади, культивация қилишга эҳтиёж бўлмайди. Минерал ўғитнинг суюқ ҳолатда бериш орқали ўғит 50 фоизгача иқтисод қилинади. Ўсимлик озуқа моддалар билан яхши тўйинади, томчилатиб суғоришда дала эмас, етиштирилаётган экин суғорилади.
Томчилатиб суғориш усулини қўллашнинг асосий тамойили сув ўсимликнинг фақат илдизига боради ва ўсимликнинг ўсишини бошқариш имконияти яратилади. Бунда экинлар ҳосилдорлигини ошириш кўрсаткичи 15-30 фоизга етади. Сувнинг ташламага чиқиб кетишини тугатади ва сувдан фойдаланиш коэффициенти 0,98 гектарга қадар ортади. Тупроқнинг табиий унумдорлигини тиклаш ва ошириш учун суғориш суви билан минерал ўғитлар, микроэлементлар ва кимёвий мелиорантларни дозаланган миқдорда солишга эришилади.
Томчилатиб суғориш усулини боғдорчиликда қўллашда далада бегона ўт камаяди ва унга қарши ишлатиладиган харажатлар ҳам қисқаради. Кўп йиллик илмий тадқиқот ишларини таҳлил қилиш орқали томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинганда пахтадан гектарига 50-55 центнер, маккажўхоридан 120-130 тонна поя, 25-32 тонна дон, помидордан 130-140 тонна, (очиқ ерда) иссиқхонада 500 тонна, узумдан 5 тонна, олмадан 60 тонна, картошкадан 45 тонна ҳосил олишга эришилади.
Томчилатиб суғоришнинг асосий камчиликлари томчилатиб суғориш тизимини қуриш катта капитал маблағ талаб қилади. Томизгичларга сувдаги туз чўкмалари ва лойқа тиқилиб қолади, ҳайдаладиган экин майдонларида томчилатиб суғориш тизимини ҳар йили йиғиштириб олиш зарур ва бу тизимни шўрланган ерларда қўллаб бўлмайди. Томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш сув ресурсларини тежаш ва тупроқда зарурий намликни яратиш, сув экин илдиз тизими жойлашган қисмга бериш ва экин учун ҳаво-сув, озуқа-туз тартиботини яратади. Бу усул билан суғориш режимини ўсимликнинг сувга бўлган талабига мос бўлиши таъминланади. Томчилатиб суғорилганда бошқа суғориш усулларига нисбатан экин ва тупроқ турига қараб, 20-80 фоиз сув тежалади, моддий ресурслар, қўл меҳнати, техника харажати камаяди.
Ҳозиргача бу усулда фақат тоза тиндирилган сувдан фойдаланиларди. Лойқа сув билан тўғридан-тўғри томчилатиб суғориш ишлари амалиётда биринчи маротаба қўлланилмоқда. Тажрибалар давомида сув миқдори 40 фоизга тежалди. Агар оддий усулда суғорганимизда сув сарфи гектарига 4200 метр кубни ташкил этган бўлса, томчилатиб суғоришда сув сарфи гектарига 2500 метр кубга тенг бўлди. Олиб борилган тажриба кузатувлари ва лаборатория таҳлилларига асосан томчилатиб суғориш тупроқнинг ҳайдалма қатламини бирмунча юмшоқ ҳолда сақлайди. Далада сувнинг оқава ва фильтрация учун йўқотишларга йўл қўйилмайди. Турли нишабли ерда ҳам тупроқни бир хил намлантиришни таъминлайди.
Суғоришни кам меъёрларида қўллаганда ҳам кўчатнинг ўсиши ва ривожланиши жадаллашади. Сув ресурсларига бўлган талабнинг ошиб бориши, кутиладиган сув танқислигининг салбий оқибатларини юмшатиш, экин турларидан юқори ҳосил олиш ва озиқ-овқат дастурларини бажариш мақсадида ҳозирги кунга келиб сув ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланишни давр тақозо қилмоқда.
Айниқса, сув ресурсларисиз қишлоқ хўжалиги ривожлана олмайди. Сувни кам сарфлаган ҳолда деҳқончиликдан юқори ҳосил олиш борасида асрлар давомида изланишлар олиб борилган. Ҳозирги кунга келиб олимлар томонидан кўп йиллардан буён сув ресурсларини тежаш орқали суғоришнинг янги илғор технологияларини яратиш борасида бир қатор изланишлар олиб борилиб, амалиётда қўллаш натижасида юқори натижаларга эришилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.
Шавкат ЖАЛОЛОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.