Томорқада меҳнат қилиб ҳам мўмай даромад топиш мумкин

Буни Оқдарё тумани Ойтамғали маҳалласида яшовчи томорқачилар амалда кўрсатишяпти. Чунки улар бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади.

- Туманимизнинг мавжуд 35 та маҳалласидаги 33 минг 691 та хонадонда 4047 гектар томорқа ер майдони бўлиб, турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади, - дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими бош мутахассиси Фурқат Алиқулов. - “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларнинг 12 таси сабзавотчилик, 6 таси айнан картошкачилик ва 13 таси боғдорчилик йўналишларига ихтисослашган. Ойтамғали маҳалласи Пилол қишлоғи аҳоли томорқалари куз ва қиш ойларида ҳам бўш турмайди. Улар бу мавсумда, асосан, кўкат ва бошқа тўқсонбости экинлар етиштириш билан шуғулланади.

Шу қишлоқда яшовчи Нодир Юсупов 12 сотихли томорқасининг 10,5 сотихи иссиқхоналардан иборат.

- Дастлаб, 2012 йилда 3,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилдим, - дейди у. – Бу ерда қишин-ёзин маҳсулот етиштириб, яхши даромад топиш мумкинлигини англадим. Йилига 3 марта экин экиб, мўл ҳосил ола бошладим. Икки йил ичида қилган даромадимнинг рўзғордан ортганини йиғиб, яна иккита ана шундай иссиқхона барпо этдим. Ҳар биридан йилига 30-40 миллион сўмгача фойда кўряпмиз. Турмуш ўртоғим билан шу ерда меҳнат қиламиз. Яқинда банкдан кредит олиб, 20 сотих ерда иссиқхона қуриш истагидаман.

Пилоллик яна бир деҳқон Баҳодир Убайдуллаев ҳовлисидаги 4 сотихлик очиқ томорқасида йилига 3-4 марта экин экиб, ҳосил олади.

- Эрта баҳорда 4 сотих ерга 100 килограмм картошка уруғини қадасам, 1 тоннага яқин ҳосил олишим мумкин, - дейди у. – Кейин бодринг экаман. Яхши меҳнат қилинса сотихидан ўртача 500 килограмм ҳосил олиш мумкин. Куз бошида, яъни сентябрь ойида бодрингдан бўшаган майдонга исмалоқ экаман. Бу ўсимлик 40 кунда тайёр бўлади. Уни ҳам йиғиштириб олиб, тўқсонбости экин, саримсоқ пиёз экишни режалаштирганман.

Пилол қишлоғида бу каби уста томорқачилар кўплаб топилади. Улар бошқаларга ўрнак бўляпти. Туманда аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги туман бўлими ҳамда Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими мутахассислари томонидан томорқачиларга зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Уларга сифатли уруғлар, экинлар парвариши учун зарур ўғитлар етказиб берилиши ва ҳатто ҳосил йиғиб олингач, маҳсулотларни сотувига ҳам кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилган

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (сурат).