Тойлоқда 200 та эски симёғоч янгисига алмаштириляпти. Қолган лойиҳалар бажарилиши қай аҳволда?
Туманда маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, 10,2 миллиард сўмлик 15 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу лойиҳалар сифатли бажариляптими?
Биз шу саволга жавоб топиш мақсадида Тойлоқда бўлдик.
- Айни пайтгача режада кўзда тутилган Боғичинор маҳалласида 2,8 километр тармоқ тортиш ишлари тўлиқ бажарилган бўлиб, Галаботир, Қўшчинор, Ворсин, Навбаҳор маҳалаларидаги қишлоқларда 4 та янги сув иншоотлари қуриш ва 13,8 километр тармоқ тортиш ишлари якунига етказилмоқда, - дейди «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ туман филиали бош муҳандиси Сирож Йўлдошев. - Шунингдек, Украч, Хончорбоғ маҳаллаларида 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳудудларда 4,4 километр ичимлик суви тармоқлари тортиш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, мазкур қарор асосида Боғизоғон, Беклар маҳаллаларида 2 та сув иншооти мукаммал таъмирланиб, 8,9 километр тармоқ тортиш ишлари амалга ошириляпти.
Ҳозиргача ичимлик сув тармоқлари ўтказилган хонадонларда сув ҳисоблагичлар ҳам ўрнатилди. Дастур асосида мазкур қурилиш-таъмирлаш ишларига 6,96 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Манзилли дастурга асосан туман ҳудудида 4 та объектдаги 5,3 километр йўлни асфальтлаш ишлари кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун 2,78 миллиард сўм ажратилмоқда. Ўтган беш ой давомида тойлоқлик йўлсозлар томонидан Хўжаюз маҳалласидаги қабристонга борадиган 900 метр, Чароғбон маҳалласидаги А.Деҳотий, Ҳамид Олимжон, Бунёдкор кўчаларидаги 2 километрлик йўл тўлиқ асфальт қилинди. Ўртақишлоқ қишлоғида 1,1 километр ва Гулободдаги 1 километрлик йўл асфальтланди.
Тумандаги Бунёдкор маҳалласининг 3 та қишлоғида ва Нурафшон маҳалласининг бир қатор қишлоқларида бугунги кунда яроқсиз ҳолатдаги симёғочларни 200 та янги темир-бетон устунларга алмаштириш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Боғичинор маҳалласида 64 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 160 қувватга эга янги трансформатор қўйилди. 2,7 километр ёпиқ кабеллар тортиш ишлари олиб борилмоқда.
- Электр таъминотидаги узилишлар қатор йиллардан буён ҳаммамизнинг асабимизга тегиб келарди, - дейди мазкур маҳаллада яшовчи Саид Шодиев. – Узилишларга нафақат симёғочларнинг эскириб кетганлиги ёки трансформаторнинг қуввати етмай қолганлиги, балки йилдан-йилга аҳоли хонадонларини кўпайиб бораётганлиги ҳам сабаб бўлаётган эди. Бир неча бор юқори ташкилотларга мурожаат қилдик. Ниҳоят, ўзгаришлар бошланиб, электр таъминоти ҳам изга туша бошлади.
Бироқ, туманда дастурда белгиланган барча ишлар тўлиқ амалга оширилмаётганини кўриш мумкин. Жумладан, асфальт қилинган йўл ёқаларида бетон ариқлар ўрнатилмаган. Ичимлик суви ўтказилган ҳудудларда ковланган асфальт йўллар қайта таъмирланмаган.
- Манзилли дастур тузишда туман бўйича 250 та лойиҳа киритиш таклиф қилинган эди, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Хуршид Тўхтаев. – Бироқ муаммолари кўп бўлган маҳаллалар учун ўта муҳим бўлган 15 та йирик лойиҳа қабул қилинганди. Ҳозирда белгиланган барча объектларда бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари 85-90 фоизни ташкил этяпти. Кўзда тутилган муддатда амалга ошириш учун ҳали вақт бўлса-да, камчиликларни жорий йилнинг апрель ойида тугатишга қарор қилганмиз.
Тойлоқда аҳолига қулай шароитлар яратиш мақсадида олиб борилаётган ишлар мутасаддилар олдида турган асосий вазифа ҳисобланади. Бунинг учун кўп тер тўкиш лозим.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.